“Булунғуртумангаз” филиалида бор-йўғи икки йилча назоратчи бўлиб ишлаган Бахтиёр ва Турсунбойлар шу соҳа раҳбарларининг ноқонуний кўрсатмаларини бажариши натижасида суднинг қора курсисида ўтиришига тўғри келди.
Судланувчи Бахтиёр Қосимов филиал назоратчиси вазифасида ишлаб келиб, собиқ филиал мансабдор шахслари билан бир гуруҳ бўлиб, мансаб сохтакорлигида иштирокчилик қилиб, ўзига бириктирилган “Янгиобод” МФЙдаги газ сарфи истеъмолчилари тўлиқ аниқланганлигини кўрсатиш мақсадида маҳаллада яшовчи 457 та хонадонларда ўрнатилган газ ҳисоблагичларнинг ҳақиқий кўрсаткичларини қўшиб ёзиб, ошириб кўрсатиб, шу маҳаллада яшамайдиган 21 нафар фуқароларга жами 14 миллион 661 минг 898 сўмлик қийматдаги 55.664 кубометр табиий газни ушбу фуқаролар истеъмол қилганлиги ҳамда 457 та хонадонларга 440 миллион 502 минг сўмлик қийматдаги 1. 672. 370 кубометр ҳақиқатда истеъмол қилинмаган табиий газни гўёки истеъмол қилинганлигини кўрсатиши натижасида филиалда ҳар бир абонент кесимида очилган автоматлаштирилган бошқарув тизими - “АСУ” бўлими компьютери “Биллингаз” программасига фуқароларга қарздорлик сифатида киритилиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шунингдек, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган.
Судланувчи Турсунбой Маматов ҳам худди Б. Қосимов каби қонунбузилишларига йўл қўйиб, ўзига бириктирилган “Бешқўтон” МФЙдаги 156 та хонадонга 112 миллион 552 минг 400 сўмлик қийматдаги 427. 306 кубометр ҳақиқатда истеъмол қилинмаган газни фуқароларга қарздорлик сифатида киритиб, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига, шунингдек, давлат ва жамоат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлган.
Суд, судланувчилар Б. Қосимов ва Т. Маматовларга жазо тури ва миқдорини белгилашда уларнинг айбига тўлиқ иқрорлигини, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва оилалик эканликларини инобатга олиб жазо тайинлади.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.