Маълумотларга қараганда ер юзидаги мавжуд сувнинг бор-йўғи икки фоизи истеъмолга яроқли чучук сувлардан иборат экан. 2017-2018 йилларда республикамиз далаларидаги қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда дала меҳнаткашлари, фермер хўжаликлари аъзолари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда, аҳоли томорқаларини суғоришда ёғингарчилик меъёридан кам бўлганлиги сабабли бирмунча қийинчиликларга дуч келишди. Сув қанчалик қадрга эга эканлиги бу йил янада аён бўлди. Одамлар экинларни суғоришда исрофгарчиликка йўл қўймасликка, сувдан тежамкорлик билан фойдаланишга ва ҳаттоки ичимлик сувидан ҳам оқилона фойдаланишга ҳаракат қилишди. Бу борада ҳукуматимиз ҳам бир қанча қарорлар қабул қилди, халққа матбуот орқали мурожаатлар билан чиқишди. Ҳаттоки у тоза ичимлик, дарё суви ёки оқар сув бўладими, сув исрофгарчилигига йўл қўйганларга нисбатан қонуний чоралар кўриш ҳам белигиланди. Лекин... сўнгги йилларда айрим фуқаролар томонидан ичимлик сувидан томорқаларини, далалардаги артезиан қудуқлари сувидан фойдаланишиб қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда тежамкорликни унутиб қўйишди.
Аҳоли сонининг муттасил ўсиб бораётганлиги боис қишлоқ жойларда шинам ва қулай ижтимоий-маиший шарт-шароитлар яратиш, истеъмолчилар учун ҳамма жойда сифатли ичимлик суви етказиб берилишига эришиш, республикада сув таъминоти ва канализация хизматлари кўрсатишни янада яхшилаш мақсадида 2017 йил 20 апрелда Президентимизнинг “2017-2021 йилларда ичимлик суви таъминоти ва канализация тизимларини комплекс ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги Қарори эълон қилинди.
Қарор ижроси бўйича туманимизда ҳам бирмунча ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, жорий йил бошидан туман аҳолиси, айниқса, қишлоқ жойларидаги аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш, сув олиш, канализация иншоотлари ҳамда водопровод тармоқларининг янгиларини қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш, сув таъминоти ташкилотларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда истеъмол қилинган сув ва кўрсатилган хизматлар ҳажмини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишга асосий эътибор қаратилмоқда.
Йил бошидан буён “Обод қишлоқ” Дастури бўйича Самарқанд вилоят “Сувоқава” ДУК Булунғур туман филиали томонидан тумандаги “Каттақишлоқ” МФЙ Каттақишлоқ қишлоғида лойиҳа қиймати 374 миллион сўмлик, узунлиги 1,8 километрлик 1 та ва “Ғўбдин” МФЙ Қизилқўрғон қишлоғида лойиҳа қиймати 459,0 миллион сўмлик, узунлиги 3,15 километрлик 1 та сув иншооти ва сув тармоғи қурилиши “Бул Ватер Голд” хусусий корхонаси пудратчи ташкилоти ишчилари томонидан муддатидан илгари қуриб битказилди. Шунингдек, Республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган “Навоий” ҚФЙ Сирт оломон қишлоғида лойиҳа қиймати 357 миллион сўмлик, узунлиги 0,7 километрлик 1 та сув иншооти ва сув тармоғи қурилиши “Ёрқин тармоқ” МЧЖ қурувчилари томонидан қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Пудратчи ташкилот “Бул Ватер Голд” хусусий корхонаси томонидан 2018 йил режасига киритилган “Янгиариқ” МФЙ Хатча массивидаги 2 сотихли намунали уй-жойлар, “Булунғур”МФЙ Сайлгоҳ кўчасидаги кўп қаватли уйларга ва “Янгиариқ” МФЙ Хатча массивидаги ҳудудий раҳбарлар уй-жойлари учун лойиҳа қиймати 56,2 миллион сўмлик, узунлиги 1,4 километрлик сув тармоғи қурилиши ҳамда “Ғўбдин” МФЙ Ғўбдин массивида “Булунғур олтин сув” МЧЖ пудратчиси томонидан лойиҳа қиймати 631 миллион, сўмлик, узунлиги 1,4 километрлик 2 та сув иншооти ва сув тармоғи қурилиши ҳам муддатидан илгари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, вилоят бюджети ҳисобидан молиялаштирилган, лойиҳа қиймати 1 миллиард 290 миллион сўмлик, узунлиги 4,1 километрлик 4 та сув иншооти ва сув тармоғи қурилиши ҳамда кичик саноат зонаси бўйича режага киритилган Килдон кичик саноат зонаси ҳудудидан қурилиши режалаштирилган, лойиҳа қиймати 350 миллион сўмлик, 500 метр узунликдаги 1 та сув иншооти ва сув тармоғи қурилиши келгуси 2019 йил дастури режасига киритилди.
Жорий йилдан бошлаб истеъмол қилинган сувнинг ҳисобини юритиш, назорат қилиш ва тўловларни қабул қилиш жойлардаги прокуратура ҳузуридаги МИБга юклатилган. Айни пайтда туманимизда сув бўйича истеъмолчилар сони сони 221 тани, аҳоли истеъмолчилари сони эса 5130 тани ташкил этади. Аҳоли истеъмолчиларининг сув бўйича дебитор қарздорлиги 10 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 20 та ҳолатда 2 миллион сўмлик қарздорликларни иш ҳақидан ушлаб қолиш бўйича талабномалар юборилган. Шундай бўлсада ҳали бу соҳада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар анчагина. Хусусан, туманимиздаги аҳоли хонадонларидаги барча водопровод тармоқларига жўмраклар ва ҳисоб-китобни амалга ошириш учун ҳисоблагичлар ўрнатиш лозим. Шунингдек, истеъмолчилар ўртасида истеъмол маданиятини янада ошириш, сувдан тежаб-тергаб фойдаланишлари, айниқса, хонадонларда томорқаларидаги экинларни суғоришда водопровод тармоқларидаги тоза ичимлик сувидан эмас, балки, белгиланган тартибда кичик артезиан қудуқлари қазиб фойдаланишлари лозимлиги мақсадга мувофиқлиги ҳақида кўпроқ тарғиботларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.