Акбарнинг иши авжида эди... Агарда унга ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари ҳалақит беришмаганида у ҳозирда ҳам, гарчи қилаётган иши ноқонуний бўлсада, фаолиятни давом эттираётган бўларди.
Жорий йилнинг 22 май куни СВОЖЖДЛҚКД туман бўлимим ходимлари томонидан туман ҳудудида ноқонуний равишда савдо фаолияти билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш юзасидан ўтказилган тадбирда “Янгиқўрғон” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли “Регистон” кўчасида яшовчи фуқаро Акбар Шадиёров ўз яшаш уйининг алоҳида хонасида ноқонуний равишда омухта ем маҳсулотларини ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланаётганлиги аниқланди. Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида Акбар Шадияровга тегишли бўлган Россия давлатида ишлаб чиқарилган 1 дона, 1.200.000 сўмлик қийматдаги тегирмон мосламаси, 1 дона 800.000 сўмни ташкил қилувчи Россия давлатида ишлаб чиқарилган дон тозалаш элеватори, 200 килограммлик, қиймати 540.000 сўмлик ем маҳсулотлари, 650 килограммлик, қиймати 1.430.000 сўмлик буғдой маҳсулотлари, 2.116. 000 сўмлик маккажўхори дон маҳсулотлари, умумий қиймати 6.086.000 сўмлик ишлаб чиқариш технологияси, буғдой ва дон маҳсулотлари олиниб, ушбу ҳолат бўйича тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.
Суд суриштирув органи томонидан ҳуқуқбузар Акбар Шадияровнинг маъмурий ҳуқуқбузарлиги Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддалари билан тўғри малакаланган, деб ҳисоблаб, ҳуқуқбузарга нисбатан жазо тайинлашда адолатлилик, кечиримлилик ва бағрикенглик тамойилига асосланган ҳолда, ҳуқуқбузарлик ҳаракатига тўлиқ иқрорлигини, содир этган қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланганлигини, ҳамда ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан ўттиз кунлик муддатда йўл қўйилган ҳуқуқбузарликни ихтиёрий равишда бартараф этганлигини инобатга олиб, унинг қилмишини кечиришни лозим топди.
Иш бўйича ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган ва тилхат асосида Акбар Шадияровнинг ўзида сақланаётган умумий қиймати 6. 086. 000 (олти миллион саксон олти минг) сўмлик ишлаб чиқариш технологияси ҳамда буғдой ва дон маҳсулотлари унинг ўзига қайтариб берилди.
Зоҳид ИКРОМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси
ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши
курашиш Департаменти туман бўлими инспектори.