Туманимизнинг “Хўжмазгил” маҳалла фуқаролар йиғини қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудда жойлашган. Маҳалладаги Фармонтепа ва Чубот қишлоқларида бугунги кунда кенга кўламдаги ободонлаштириш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Тоғлар ва қир-адирлар бағрида жойлашган Фармонтепа қишлоғида 130 хонадонда 269 нафар аҳоли истиқомат қилади. Қишлоқда ўзига яраша муаммолар талайгина. Хусусан, йўлларнинг яроқсизлиги, тоза ичимлик суви, электр энергияси билан боғлиқ масалалар қатор йиллардан бери фуқароларни қийнаб келади. Шунингдек, қишлоқ мактабида спорт зали йўқлигини, мактабгача таълим маскани, тиббиёт ташкилоти, кутубхона ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бу каби муаммоларни қўшни Чубот қишлоғида ҳам учратиш мумкин.
Мазкур қишлоқлардаги муаммоларни ўрганиш ва жойида ҳал этиш юзасидан вилоят ҳокимлиги, прокуратура, ички ишлар, тиббиёт, фавқулодда вазиятлар, миллий гвардия тизимлари ҳамда коммунал соҳа масъуллари иштирокида ишчи гуруҳлар тузилди.
Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиев вазифалар тақсимотига бағишлаб ўтказилган йиғилишда вилоят ва туман ташкилотлари вакиллари ва ҳашарчиларга ободонлаштириш билан боғлиқ ишларни белгилаб берди.
Ободонлаштириш ишлари давомида аҳоли томорқаларига ишлов берилди. Кўримсиз бинолар сувоқ қилинди. Йўл четлари хас-ҳашаклардан тозаланди. 79 та махсус ва муҳандислик техникалар ёрдамида ички йўлларга қум ва шағал ётқизилди. 194 та хонадонда аниқланган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Жумладан, 120 та хонадонга суюлтирилган газ баллонлари, 10 тонна кўмир тарқатилди. 2 та трансформаторлар капитал таъмирланиб электр тармоғидаги 10 та ёғоч устунлар темир бетон устунларга алмаштирилди.

Тадбир давомида қишлоқда 200 дан зиёд аҳоли сайёр тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 80 нафарида аниқланган турли касалликларни амбулатор шароитида даволаш чоралари кўрилди.

Шунингдек, 41-умумтаълим мактабига ҳомийлар томонидан китоблар топширилди. Ушбу қишлоқлардаги ободонлаштириш ишлари айни пайтда ҳам қизғин давом этмоқда.
ХЎЖАМАЗГИЛ – ОТА ҚИШЛОҒИМ...
Хўжамазгил... номинг тилимда,
Арғумоғим олар йўлимда,
Тўй экан, деб бугун элимда,
Қутлайин деб шошиб бораман,
Қирларингни ошиб бораман.
Ота юртим, тортади меҳринг,
Сержилодир шу қадар сеҳринг,
Юрагимга шашт-олов бердинг,
Меҳринг, сеҳринг сабаб бораман,
Хислатларинг санаб бораман.
Қирларингда лолалар порлар,
Ҳув-в баландда кумушранг қорлар,
Табиатинг қўйнига чорлар,
Чексиз ҳайрат туюб бораман,
Ич-ичимдан суюб бораман.
Қўшиқ айтиб қайнар булоғинг,
Кўз қувнатар ҳусну-жамолинг,
Ортиб борар кўрку-камолинг,
Кўз тегмасин, мақтаб бораман,
Шод кўнглимни чоғлаб бораман.
Эркин сезиб ўзни бағрингда,
Гул узаман танлаб боғингда,
Тунми, кундуз, саҳар чоғингда,
Пайт танламам, тез-тез бораман,
Қишми, ёзми, ҳар кез бораман.
Ҳамду-сано айтиб худога,
Ихлос қилиб Хўжа бобога,
Қўл очинг, деб хайру дуога,
Дуо талаб бўлиб бораман,
Иш-юмушим қўйиб бораман.
Кўрмасам-да, ўзим Ўзларин,
Чеҳрасини – юзин, кўзларин,
Ўпайин деб отам изларин,
Бир бор эмас, юзлаб бораман,
Изларини излаб бораман.
Каттабег-у, Сувон дўстларим,
Бирга-бирга ўйнаб, ҳисларим,
Тўлиб-тошиб юрган кезларим,
Онларимни эслаб бораман,
Болалигим қўмсаб бораман.
Дейсан: Келсанг бағрим тўлади,
Менга эса илҳом келади,
Дилим жўшиб завқ-шавқ олади,
Завқ-шавқ ҳиссин истаб бораман,
Уловимни қистаб бораман.
Ўзинг менинг боғим-бўстоним,
Кўзим очиб кўрган маконим,
Оташин шеър, ғазал-достоним,
Шунданми... мен дам-дам бораман,
Бориб-бориб мудом қоламан.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ.