Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда 2018 йилда Ғўбдин маҳалласидаги “Қизилқўрғон” ва Каттақишлоқ маҳалласидаги “Каттақишлоқ” қишлоқлари танлаб олиниб, ушбу аҳоли пунктларининг қиёфаси тубдан қайта янгиланди. Қисқа вақт мобайнида ушбу қишлоқларда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Хусусан, шаҳарсозлик меъёр ва қоидаларига амал қилмаган ҳолда, бино-иншоотлар ва уй-жойларни тартибсиз ва ўзбошимчалик билан қуриш ҳолатларига чек қўйилиб, қурилиш ишларининг қишлоқ ва маҳалла даражасида ёндашилганлиги туфайли уларнинг меъморий қиёфаси бутунлай янгича кўринишга эга бўлди. Бу қишлоқлардаги кўчаларнинг бир қисми асфальт қилинди, қолган қисмига эса тош тўшалди. Йўл четларига бетон ариқлар ётқизилди, йўлаклар таъмирланди. Аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди, табиий газ таъминоти, электр тизими янгиланди. Хуллас, ушбу қишлоқлар ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламлаштириш, ижтимоий соҳа объектларининг бугунги кун талабига тўла мос келиши ва аҳолининг иш билан банд бўлмаган қисмининг қўпчилиги айни пайтда оилавий тадбиркорлик билан банд эканлиги билан бошқа қишлоқлардан ажралиб турибди. Ҳозирда бу қишлоқлар билан туман маркази орасида автобус қатнови йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 февралдаги “Обод қишлоқ” дастури ижросини 2019 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига асосан жорий йилда туманимиздаги “Чангал-1” МФЙга қарашли Чангал қишлоғи, “Хўжамазгил” МФЙга қарашли Янгиқишлоқ қишлоғи ва “Янгиариқ” МФЙга қарашли Меҳнатобод қишлоқлари “Обод қишлоқ” дастурига киритилди. Бу қишлоқларни ҳақиқий обод қишлоққа айлантириш ҳамда кенг миқёсдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари учун республика ва маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан жами 23,442 миллиард сўм ажратилди.
Дастурга киритилган учта қишлоқ ҳуддуларидаги автомобиль йўллари ва ички йўлларни жорий ва капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун жами 8,4 километр, (6,809 миллиард. сўм), шундан 3,4 километр асфальт (1,934 млн. сўм), 5,1 километр тошли йўллар замонавий талабларга мослаштирилиши учун зарур (4,835 миллиард сўм) маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Шунингдек, 6 километр пирёдалар йўлакларини барпо этиш ва таъмирлаш, 6 километр ирригация тармоқларини таъмирлаш, 5 минг квадрат метр майдонда йўл бўйларини ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, дарахтзор ва гулзорлар ташкил этиш, 6 та чиқинди йиғиш пунктларини қуриш ва бошқа ободонлаштириш ишлари учун маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан 846 миллион сўм ажритилиши белгилаб олинди. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 1 та янги сув иншооти қуриш, 3 та сув иншоотини реконструкция қилиш, 1та сув иншоотини мукаммал таъмирлаш ва 7,5 километр масофага сув тармоғи тортиш учун 1,409 миллиард сўм, электр таъминоти тизимини яхшилаш борасида 359 та таянч устунларини ўрнатиш, 22 километр масофадаги электр тармоқларини таъмирлаш, 10 та трансформаторларни таъмирлаш (алмаштириш) ишлари учун 1,904 миллиард сўмлик ишлар амалга оширилиши белгиланди. Бундан ташқари якка тартибдаги уй-жойларга талаб этиладиган асосий турдаги қурилиш ва пардозлаш материаллари билан таъминлаш, ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва таъмирлаш, бозор инфратузилмаси объектлари, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши ҳам дастурга киритилган. Хусусан, 1та таълим муассасини реконструкция қилиш (20-мактаб), 2 тасини мукаммал таъмирлаш (6-10-мактаблар) учун умумий қиймати 4,290 миллиард сўм, 1та мактабгача таълим муассасасини (15-МТМ) реконструкция қилиш, яна 1тасини (24-МТМ) мукаммал таъмирлаш учун умумий қиймати 4,8 миллиард сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.
Бугунги кунда “Обод қишлоқ” дастури ижросини таъминлаш мақсадида Чангал, Янгиқишлоқ ва Меҳнатобод қишлоқларида бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Ички кўчаларни таъмирлаш, тош-шағал тўшаш, якка тартибдаги уй-жойлар қурилишлари ва ижтимоий соҳа объектлари қурилишлари пудратчи ташкилотлари томонидан амалга оширилмоқда. Ҳар бир хонадон эгалари уй-жойларининг атрофларини, томорқаларини тартибга келтириб, ариқ-зовурларни тозалаш, мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазиш ишлари билан банд. Амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар натижасида қишлоқлар кундан-кунга кўркамлашиб, обод бўлиб бормоқда.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.