Янги йил байрами тобора яқинлашаётганлиги туфайли шаҳар ва қишлоқларимиз кўчалари, бинолар атрофлари ва савдо дўконлари ойналари ҳам байрамона руҳда безатилмоқда. Одамлар, айниқса ёш болаларнинг қувончлари чексиз. Байрам кунлари ва ўқувчиларнинг қишки таътилни мароқли ва мазмунли ўтказишлари учун шаҳримиз марказидаги “Хотира ҳиёбони” ёнига болалар учун турли атракционлар ўрнатилган. Бу ўйингоҳ майдончаси ҳозирданоқ болалар билан гавжум.
Байрам яқинлашаётганлиги муносабати билан “Деҳқон бозори” ва “Буюм бозори”га савдо-сотиқ учун келувчилар сони ҳар қачонгиданда кўпроқ бўлиши табиий. Айниқса, шахсий автомобилларида бозор-ўчарга келадиган фуқароларимиз автомобилларини имкон қадар бозорга яқин жойга қўйишга ҳаракат қилишади.
Байрам арафасиида бозор атрофларидаги кўчалардаги транспортлар тирбандлигининг олдини олиш ҳамда кўчаларда транспорт ҳайдовчилари ва пиёдаларнинг ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида “Фозил Йўлдош” ва “Тошкент” кўчаларининг айрим жойларига бетон тўсиқлар ва йўл ҳаракати белгилари ўрнатилди.
Маълумки, шаҳримизнинг “Ўзбекистон” ва “Тошкент” кўчалари кесишмаси атрофлари, туман бош шифохонаси дарвозаси ва “Агробанк” туман филиали биноси атрофлари ҳамда “Фозил Йўлдош” кўчасидаги ДСИ, “Халқ банки”, туман Кўп тармоқли марказий поликлиникаси бинолари атрофларида ҳам гарчи тўхтаб туриш, тўхтаб ўтиш, ҳаракатни тақиқловчи белгилар ўрнатилган бўлсада, автотранспортларнинг қаровсиз қолдириб кетилганилигининг гувоҳи бўламиз. Шу боисдан ҳам фуқаролардан шахсий транспортларини қаровсиз, эшик ва ойналарини очиқ ҳолда қолдирмасликларини, автомобилларини автотураргоҳларга қўйишларини сўраймиз. Зеро, ҳаракат хавфсизлигига ҳар доим тўлиқ амал қилиш ҳар биримиз учун муҳимлигини унутмаслигимиз лозим.
Шароф БОЙМУРОДОВ,
туман ИИБ ЙҲХБ маъмурий
амалиёт назоратчиси, сержант.