Куз фасли яқинлашиши билан ўлкамиздан иссиқ ўлкалар томон йўл олган, эрта баҳорда эса қайтаётган, етакчиси бошчилигида тартиб билан, бир хил тезликда, оралиқ масофани сақлаган ҳолда оҳиста учишаётган турналар галасини ҳеч кузатганмисиз? Кузатмаган бўлсангиз кузатинг. Айниқса, турналар ҳаракатини кузатишни туманимиз йўллари ва ички кўчаларида ўз шахсий автомобилларида ҳаракатланаётган автотранспорт ҳайдовчиларига тавсия қилган бўлардик.
Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида автомобиллар бошқаришни ўргатадиган ўқув курслари, мактаблари мавжуд. Истаган фуқаро ушбу жойларда тажрибали мураббийлардан сабоқ олиб, маълум бир муддатда автомобиль бошқариш сирларини мукаммал эгаллаб, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлганидан сўнг йўлларда бемалол автомобиль бошқаришлари мумкин. Ҳозир йўлларда автотранспортларни бошқараётган барча ҳайдовчилар шундай гувоҳномага эга. Улар автомобилларни бемалол бошқаришлари билан бирга йўллардаги ҳар бир ҳаракат белгиларининг қандай маъно англатишини тўлиқ тушуниб етишган.
“Билмайин босдим тиконни...” деганларидек, мабодо йўлларда ҳаракатланиш чоғида билмасдан йўл қоидасини бузган ҳайдовчини, агар қўпол хато бўлмаса, автоинспектор ҳам кечириши мумкин. Мабодо била туриб, атайин йўл қоидасини бузса-чи? Автоинспектор қоидабузарга нисбатан баённома тузса, йўл қўйган хатосидан хулоса чиқариш ўрнига “бир марта кечирмади-да”, деб автоинспектордан хафа бўлишади.
Маълумки, оғир юк ташувчи, автобус ва прицепли автомобилларни кўп йиллик тажрибага, малакали билимга эга ҳайдовчилар бошқаришади. Бундай юк автомобиллари ҳайдовчиларининг Самарқанд-Тошкент йўналишидаги катта автотракт йўлида, гарчи улар биринчи ҳаракатланиш қисмида ҳаракатланишлари лозим бўлсада, атайин иккинчи ҳаракатланиш қисмида ҳаракатланаётганлигини кўп учратамиз. Улар бундай қоидабузарликлари билан орқа томонидан келаётган енгил автомобиллар ҳаракатига ҳалақит бераётганликларини яхши билсалар-да, бунга эътибор қилишмайди. Натижада, орқа томондан келаётган автомобиль ҳайдовчилари юк автомобилининг ўнг томонидан қувиб ўтишга мажбур бўлишади. Бошқа ҳудудларни билмадиг-у, лекин туманимиз ҳудудидаги йўллар ва кўчаларда ҳаракатланаётган автомобиль ҳайдовчилари учун бундай қоидабузарликлар оддий ҳолга айланиб бормоқда. Бундай ҳолатлар айниқса, деярли ҳар куни, бир неча маротаба темир йўлининг 1090 километридаги автомобиль йўли билан кесишмасида юз бермоқда. Бу ерда автомобилларнинг ўнг томонидан қувиб ўтиб ҳаракатланишига, белгиланган йўл ҳаракати белгилари, чизиқлар, оралиқ масофалар сақланиши, узлуксиз чизиқларни босиб ўтмаслик, темир йўл шлагбаумига маълум масофа қолганида автомобилларни тўхтатиш лозимлиги ва шу каби бошқа йўл ҳаракати огоҳлантирувчи белгиларига кўпинча амал қилинмайди. Буларнинг барчасига гувоҳ бўлиб турган тажрибали ҳайдовчилар, темир йўл навбатчиси ҳам лоқайд. Тўхтаб турган ва ҳаракатланаётган автомобилнинг ўнг томонидан қувиб ўтиш каби қоидабузарликлар Самарқанд-Тошкент автомобиль йўлидан туманимиз марказига кириш ва чиқиш жойларидаги бурилишларда, Ш. Рашидов кўчасининг бошланишида, Ш. Рашидов кўчасининг Увайсий кўчаси билан туташ қисмида ҳамда Булунғур шоҳ кўчаси билан Ўзбекистон кўчалари туташган чорраҳада ҳам юз бермоқда. Шунингдек, ушбу чорраҳада, туман кўптармоқли марказий поликлиникаси, туман марказий шифохонаси, Фозил Йўлдош кўчаси ҳамда бозорлар атрофларидаги кўчалардаги “тўхтаб ўтиш” ва “тўхтаб туриш” ҳамда автомобиллар ҳаракатланиши таъқиқланганлигини эслатувчи йўл белгилари ўрнатилган бўлишига қарамасдан, бунга амал қилинмаяпти. Ҳаттоки, баъзи автомибиль ҳайдовчилари уловларини йўл белгиларининг ёнига ҳам қўйишмоқда. Шу боисдан бу кўчаларда автомобиллар тирбандлигидан ҳатто пиёда йўловчилар ҳам юришга қийналишмоқда. Ҳайдовчиларнинг-ку бир-бирларига, пиёдаларга, йўловчиларга муомаласи, кийиниш маданияти ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Тегишли руҳсатномасиз, лицензиясиз ноқонуний тарзда аҳолига пуллик транспорт хизмати кўрсатаётган ҳайдовчиларнинг айримлари кийиниш, одоб-ахлоқ нормаларига умуман риоя қилишмайди. Улар ёзда майка-шортикда, соч-соқоллари ўсган ҳолда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишмоқда. Йўловчилар орасида эса бобо-момоларимиз, ота-оналаримиз, опа-сингилларимиз ҳам борлигини унутмаслигимиз лозим.
Баъзи енгил автомобилларнинг орқа томонидаги ойналарга “Ҳайдовчилик маданиятига риоя қилинг” деб ёзилган даъватларга кўзимиз тушади. Лекин... кўп ҳолларда транспорт ҳайдовчиларининг бир-бирлари билан ёқалашиб, ҳаттоки баъзи пайтларда такси ҳайдовчилари ва киракашларнинг мижоз билан ҳам жиққамушт бўлиб, куракда турмайдиган сўзлар билан “сийлашаётган”ликларининг гувоҳи бўламиз. Шунингдек, транспорт ҳайдовчиларининг “Пиёдага эътиборли бўлинг” деб, пиёда йўловчига йўл бермай ўтаётган, “Тезликни оширма” деб, ўзи тезликни меъёрдан ошириб ҳайдаётган, “Йўл қоидасига амал қилинг” деб, ўзи олдинда кетаётган транспортнинг ўнг томонидан қувиб ўтаётган транспорт ҳайдовчилари ҳам учраб турибди. Кўрилаётган чораларга қарамасдан “бебош” қоидабузарлар томонидан арзимасдек туюлган мана шундай тартиббузарликлар туфайли вақти-вақти билан бўлсада нохуш воқеа-ҳодисалар юз бермоқда. Белгиланган қоидаларга амал қилинмаслик натижасида автотранспорт ҳайдовчилари ўзларининг ҳам бошқаларнинг ҳам ҳаётини хавф остига қўйишмоқда. Шу мақсадда маҳалла фаоллари, туман прокуратураси ва туман ИИБ ЙҲХБ ходимлари биргаликда юқоридаги каби нохуш манзаралар, қоидабузарликларнинг олдини олиш ва тартиб-қоидаларга тўла амал қилишлари учун хафтанинг ҳар пайшанба куни маҳаллаларда, автотранспорт корхоналарида, аҳоли ва транспортлар гавжум жойларда фуқаролар ва автотранспорт ҳайдовчилари билан йўл-транспорт ҳодисаларининг барвақт олдини олиш бўйича ҳамда уларда кўникма ҳосил қилиш мақсадида сайёр йиғилишлар, учрашувлар ўтказилиб келинмоқда. Яқинда мана шундай тадбирлардан бири шаҳримиз марказидаги туман кўптармоқли марказий поликлиникаси атрофидаги аҳоли ва кўплаб автотранспорт воситалари ҳайдовчилари билан бўлиб ўтди. Шаҳримиздаги “Деҳқон бозори” ва “Буюм бозори” атрофларида транспорт воситаларининг сони кундан-кун кўпайиб бораётганлиги боис уларнинг ҳаракатини тартибга келтириш мақсадида туман йўл-қурилиш бўлими ишчи-ходимлари билан биргаликда барча кўчаларга янгидан йўл ҳаракатини тартибга солиб турувчи белгилар ўрнатиб, пиёдалар йўлни кесиб ўтишлари учун зебра чизиқлар чизиб чиқилди. Амалга ошираётган бундай тадбирларнинг барчаси фуқаролар ва автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Алижон ТУРСУНОВ,
туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи.
Тўлқин ШЕРБОЕВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг мухбири.