Автотранспорт воситаларининг тури ҳам, сони ҳам кундан-кун ортиб бормоқда. Шу билан бирга йўлларда автотранспорт ҳайдовчилари ҳамда пиёда йўловчилар томонидан қоидабузарлик ҳолатлари тез-тез учраб турибди. 2017 йил давомида пиёдалар томонидан содир этилган йўл қоидаси бузилиши оқибатида 30 та йўл-транспорт ҳодисаси рўй бериб, 10 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган, 20 нафари эса турли хил тан жароҳати олишганлиги сабабли шифохонага ётқизилган.
Туманимиз ҳудудидан Самарқанд - Тошкент магистраль йўли кесиб ўтган бўлиб, бу йўл анчайин серқатнов. Йўл атрофида яшовчи фуқаролар вақти-вақти билан чорва молларини йўлнинг белгиланмаган жойларидан олиб ўтишади. Юк ортилган улов-араваларда йўл қоидаларига амал қилмасдан ҳаракатланиш натижасида йўлдан ўтувчи транспорт ҳайдовчиларига ноқулайликлар туғдирилмоқда.
Кўпинча пиёда йўловчилар ҳам йўлнинг белгиланмаган жойларидан кесиб ўтишади. Жойларда олиб борилаётган профилактик тадбирлар ва тушунтиришларга қарамасдан жорий йилнинг шу пайтига қадар пиёда йўловчилар томонидан содир этилган 120 та, транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл қўйилган 240 та қоидабузарликлар аниқланиб, уларга нисбатан тегишли тартибда баённомалар тузилди. Жорий йилда бу каби нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда йўлларда пиёда йўловчилар томонидан содир этилаётган қоидабузарликларни кескин камайтириш мақсадида ҳудудлар бўйлаб “Диққат, пиёда!” тадбири ўтказилди. Йўлларнинг серқатнов жойларига 2 та транспортлар ҳаракатини кузатиш камераси ҳамда 2 та транспортлар ҳаракатини тартибга солувчи светофорлар ўрнатилди. Келгусида бундай светофорлардан яна 3 дона ўрнатиш режалаштирилган. Амалга ошираётган бу ишларимиз транспорт воситаси ҳайдовчилари ва пиёда йўловчиларнинг ҳавфсиз ҳаракатланишини таъминлашига кўмаклашади.
Алижон ТУРСУНОВ,
туман ИИБ ЙХХБ бошлиғи, майор.