Юртимизнинг сўлим гўшалари, диққатга сазовор жойлари, тарихий обидалари ва гўзал шаҳарларини бир бор кўриш истагида бўлган чет эллик сайёҳлар оқимини янада кўпайтириш, уларнинг эътиборини жалб қилиш мақсадида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Бу борада ҳукумат қарорлари қабул қилиниб, жойларда ижроси таъминланмоқда. Аввало, хорижлик меҳмонлар учун қулай шароитлар яратиш, меҳмонхоналар, транспорт хизмати, маиший ва савдо хизматлари кўрсатиш ҳам рисоладагидек бўлиши лозим.
Тарихи минг йилларга бориб тақаладиган туманимизда ҳам “Хўжа ҳофиз Меросий”, Хўжамазгил.каби зиёратгоҳлар, “Фозил Йўлдош ўғли” уй музейи, “Фозил Йўлдош ўғли” ва Хотира хиёбонлари, қолаверса шаҳримиздаги замонавий кўринишдаги бинолар, дам олиш масканлари, бозорларимизни кўриш ва сархил маҳсулотларимиздан ҳарид қилиш истагидаги сайёҳларни жалб қилиш мақсадида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилмоқда.
Маълумки, туманимизга ташриф буюраётган сайёҳ бўладими, бошқа шаҳарлардан келадиган меҳмонлар бўладими ёки амалий ташриф билан келадиган раҳбарларми, ким бўлишидан қатъий назар, уларнинг ҳар бири аввало бозорларимизни айланади. Ва шунга қараб туманимиз аҳолисининг диди, маданияти, дунёқарашига баҳо бериши шубҳасиз.
Бундан икки-уч йил илгари туман ҳокимияти ташаббуси билан Булунғур шаҳри маркази, бозор атрофлари, кўчалардаги ариқ-зовурлардан юзлаб юк автомобилларида минглаб тонна чиқиндилар олиб чиқиб ташланган эди. Ҳозир-чи, ҳозир аҳвол қандай? Афсуски, ҳозир ҳам шаҳримиз кўчаларида, бозорлар атрофларида, ариқ-зовурларда, йўл бўйларида шунчалик чиқиндилар кўплигидан таъбингиз хира бўлиши табиий. Бозор атрофидаги хизмат кўрсатувчи дўконлар, турли хил маҳсулотлар сотиш билан шуғулланаётган тадбиркорлар ва ошхоналарнинг атрофларини чиқинди босиб ётибди. Ариқлар ичи тозаланмаган, чиқиндилар билан тўла. Деҳқон бозори атрофларидаги баъзи бетон ариқлар йўл билан бир текис бўлиб кетган, ҳатто борлиги ҳам билинмайди. Айниқса, Булунғур шохкўчасидаги аҳолига маиший хизмат кўрсатиш биносининг олд ва ён томонларидаги ариқларнинг ичига қараб бўлмайди. Сувнинг ифлослигини айтмайсизми. Ачинарлиси ариқдан таралаётган бадбўй ҳид ҳамма ёққа таралаётган бўлсада, унинг ёнида беш-олти киши кўчма расталарни қўйиб, нон ва нон маҳсулотлари сотиш билан шуғулланишмоқда. Бу эса санитария-гигиена қоидаларига зид.
Булунғур шоҳ кўчасида жойлашган бир қатор дорихоналар ва дўконларнинг олд томонига бир гуруҳ фуқаролар жойлашиб олиб, пиёдалар ўтиш йўлакчасида турли хил қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиш билан шуғулланишмоқда. Уларни деҳқон бозорига жалб қилиб, маҳсулотларини сотиш учун шароит яратиб берадиган, назорат қиладиган, тушунча берадиган мард ҳали топилганича йўқ. Бундан ташқари, бозорлар атрофларидаги айрим дўконларнинг олд томонида, йўл бўйларида қурилишда ишлатиладиган тош, қум ва шағал уюмлари шаҳримиз кўркига доғ бўлиб турибди. Биз ўзимиз, ҳар биримиз тозалик, орасталик учун шаҳримиз кўчаларини, бозорлар, дўконларимиз атрофларини обод қилиб қўймас эканмиз, буни бизга четдан биров келиб қилиб бермаслиги тайин. Биз буни ҳис қилиб яшашимиз лозим.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.