Туманимиз фермерлари томонидан етиштирилган ғалла ҳосилини қисқа муддатларда йиғиштириб олиб, давлатга ғалла топшириш режасини ортиғи билан бажариш учун иш қизғин бормоқда. Йиғим-теримда “Навоий” агрофирмасидан Неъмат Нуруллаев, Муҳаммад Воҳидов, “Булунғур” агрофирмасидан Бозорбой Маматов, “Ғўбдин” агрофирмасидан Ҳазратқул Сафаров каби нуронийларимиз фаол иштирок этиб, ғалла хирмони юксалишига муносиб ҳисса қўшишяпти. Шунингдек, бир неча кундирки вилоятимизнинг Каттақўрғон туманидан бир гуруҳ комбайнчи операторлар ўз комбайнлари билан, ички ишлар, Ёнғин хавфсизлиги, Қўриқлаш бўлинмаси ходимлари ҳамкорликда туманимиз ғаллакорларига беминнат ёрдам кўрсатишмоқда.
Орифхон Ҳамзаев бошчилик қилаётган “Навоий” агрофирмаси ҳудудидаги Тоҳир Пўлатов раислик қилаётган “Наби хўжайин даласи” фермер хўжалиги 3,3 гектар майдондаги ғаллазордан 11,4 тонна ўрнига 14,5 тонна, Ҳазрат Алимов раислигидаги “Алимов Ҳазрат даласи” фермер хўжалиги 4,2 гектар майдондан 14,5 тонна ўрнига 16 тонна, Ҳамроқул Маҳмудов раислигидаги “Мирзабоши имкон Улуғбек” фермер хўжалиги 4,5 гектар майдондан 15,5 тонна, Норбек Худойбердиев раислигидаги “Заҳриддинбек замин даласи” фкрмер хўжалиги 2,2 гектар майдондан 7,1 тонна сифатли ғалла топширишиб, ҳудудда биринчилардан бўлиб давлатга дон топшириш режасини бажаришди. Режаларнинг бажарилишида албатта, 38-отряднинг Каттақўрғон туманидан ҳашарга келган “Кейс” комбайни ҳайдовчи операторлари Раҳим Халилов ва Бекзод Маҳмудовларнинг алоҳида ҳиссалари бор. Улар бир кунда 55-60 тонна ғаллани ўриб олишга эришмоқда.
- Икки йилдан буён оиламиз билан фермер хўжалиги очиб, 5 гектар майдонда деҳқончилик қилаяпмиз, - дейди “Наби хўжайин даласи” фермер хўжалиги раиси Тоҳир Пўлатов. - Ҳар йили ғалла топшириш режасини ортиғи билан уддалаяпмиз.. Бу ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Айниқса, бу йилги сув танқис бўлган пайтда осон бўлмади. Ишонасизми, баъзи кунлари уйқум қочиб, кечалари ҳам дала айландим. Режадаги ҳосилни яратиш мақсадида ғаллани чамаладим. Қишда ва баҳорда сув тақчил бўлганлиги сабабли аммафос, карбамид каби минерал ўғитларни сувга аралаштириб, маҳаллий ўғитдан компост қилиб, уч маротаба ғаллага сепиб чиқдик. Натижаси ёмон бўлмади.
Излаган имкон топади, дейишади. Биз бирин-кетин зафар қучиб, юртимиз ғалла хирмонига муносиб ҳисса қўшаётган фермер-деҳқонларни муборакбод этамиз.
Тўлқин ШЕРБОЕВ.
Суратда: (чапдан ўнгга) фермерлар Тоҳир Пўлатов, Ҳамроқул Маҳмудов, “Навоий” МТП раиси Орифхон Ҳамзаев, фермер Норбек Худойбердиев, 38-отряд бошлиғи Санжар Болтабоев ва Каттақўрғон туман ИИБ ходими Шавкат Тиллаевлар юксак хирмондан мамнун.