Яқинда мактабимизда раҳбарият топшириғига асосан бошланғич синф ўқитувчиларидан диктант олинди. Юқори синф она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси диктант олиш давомида бир неча бор “қаттиқ х, юмшоқ ҳ” дея таъкидлади. Ўқитувчининг шундай таъкиди тўғрими? Йўқ, албатта. Бунга ким айбдор? Албатта, ўзимиз. Ўқувчилар тилида севимли сўзга айланган “қаттиқ х ми ёки юмшиқ ҳ” дан воз кечиб, уларга х ва ҳ ҳарфли сўзларнинг имлосини, х ва ҳ товушларининг талаффузини ўргатишимиз зарур.
Мактабларда, айниқса, бошланғич синф ўқитувчиларининг келажак авлод олдидаги бурчи катта.
Улар ёш, эндигина биринчи синфга келган ўқувчининг оладиган билимини шакллантириш учун масъулдир. Ўқувчилар нутқида камчилик, муаммолар бўлмаслиги учун ўқитувчи уларга фонетика қоидаларини пухта ўргатиши зарур. Х – чуқур тил орқа ундоши, ҳ эса бўғиз ундоши эканлигини, улар бошқа-бошқа товушни ифода қилишини, айтилиши ва ёзилиши бир-бирига ўхшамаслигини, уларни чалкаштириш сўз маъносини бутунлай ўзгартириб юборишини ўқувчиларга тушунтириш зарур. Ўқувчиларга бошланғич синфлардаёқ фонетика қоидаларига асосан ундош товушлар гуруҳларга бўлинишини пухта ўргатиш зарур. Улар қуйидагича гуруҳларга бўлинади. Чуқур тил орқа (қ, ғ, х), бўғиз (ҳ), лаб (б, п, м, в, ф), тил олди (т, л, с, з, д, ш, ч, ж, р), тил ўрта (й), тил орқа (г, к, нг).
Боланинг таълим-тарбияси мактабдан, оиладан бошланади. Унинг интеллектуал салоҳиятини шакллантириш ва билимини ошириб бориш эса муҳим вазифадир.
Уммат ҲАЙДАРОВ,
35-умумтаълим мактабининг
бошланғич синф ўқитувчиси.