Декабрь ойида барча умумтаълим мактабларида бошланғич таълим фан ойлиги ўтказилди. 48-умумтаълим мактабида ҳам бошланғич синф ўқитувчиси Дилдора Ғаниева ташаббуси остида очиқ дарслар, турли тадбирлар ташкил этилди. Жорий йил биринчи синфга қабул қилинган жами 44 нафар ўқувчиларга Мадина Исломова ҳам таълим-тарбия бериб келяпти. Тўрт ой давомида бошланғич таълим олиб, “Аlifbe” китобини ўқиб-ўрганган болалар ва уларнинг ота-оналари иштирокида “Savodxonlik bayrami” бўлиб ўтди.
Тадбирни мактаб директори Эркин Эшназаров очиб, ушбу кичик ёшдаги ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасида нуқсони йўқли, келажакда улардан ота-онаси ва халқига хизмат қиладиган, эл-юрт корига ярайдиган фарзандлар етишиб чиқишига ишонч билдирди.
Бунга жавобан 1-синф ўқувчилари ҳар бир ҳарф ва рақамларга бағишлаб шеър ўқишди. Рақс ижро этиб, қувноқ шартларни бажаришди.
Бу йилги 1-синфга илк бор қабул қилинган ўқувчиларни иккита синфга бўлган ҳолда сабоқ беряпмиз, - дейди Д.Ғаниева. – Ёш йигит-қизларнинг барчасининг дарсларни ўзлаштириши яхши. Энди уларга кўпроқ эртак китоблари ўқишни ўргатяпмиз.
Тадбир давомида, кичик авлод вакилларига таълим-тарбия бериш мушкул ва улуғвор вазифа экани таъкидланди. Аъло баҳоларга ўқиган ва хулқи, одоби билан бошқаларга намуна бўлган ўқувчилар рағбатлантирилди. Тадбир шартларини бажарган фаол қатнашчиларга ўзбек адабиётига тегишли эртак китоблари топширилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.