ФИДОЙИ УСТОЗ
Ўқувчиларнинг дарсларни яхши ўзлаштириб, аъло бахоларга ўқишлари кўп жиҳатдан бошланғич синф ўқитувчиларига боғлиқ. Негаки, болалар бошланғич синфларда фанларни яхши ўзлаштириб борсалар, юқори синфларга ўтганида қийналишмайди. Бошланғич синф ўқитувчиси Раҳима Туробова 20 йилдан буён бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ беради. У ўқувчиларини илм олиб, келгусида одоб-ахлоқли, комил инсонлар бўлиб, жамиятга нафи тегадиган, юрт корига ярайдиган фарзандлар бўлиб шаклланишлари учун бор билимини, куч-ғайратини сарфлайди. Бунинг учун у ҳар бир ўқувчисининг дарсларни қандай ўзлаштиришига алоҳида эътибор қаратади. Дарсларни ўзлаштиришга қийналаётган ўқувчилар билан эса алоҳида шуғулланади. Айрим вақтларда дарсдан сўнг улар билан қўшимча машғулотлар олиб боради. Уларнинг ота-оналари билан учрашиб, уйга берилган вазифаларни ўзлаштиришларида яқиндан кўмаклашишлари лозимлиги тўғрисида маслаҳатлашади. Мактаб қошида фаолият кўрсатаётган бир нечта фан тўгаракларига ўқувчиларни жалб қилиб боради.
Жажжи ўқувчиларнинг севимли устози, меҳрибон мураббий Р. Туробова жорий йилда умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчилари ўртасида ўтказилган касбий маҳоратларини ошириш бўйича доимий ҳаракатдаги ўқув машғулотлари ташкил этилган таянч мактабларидаги фаол иштироки учун туман халы таълими бўлимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Шунингдек, 10 ёшли ўқувчилар ўртасида санъатнинг рақс йўналиши бўйича ўтказилган Камалак болалар ташкилотининг “Камалак юлдузлари” болалар ижодиёт фестивали туман босқичида 4-“а” синф ўқувчилардан Муниса Жуманова, Ирода Маматқулова, Паризода Низомиддинова ва Чарос Исропуловалар фаол иштиорк этишди ва ташкилотчиларнинг совғаларига сазовор бўлишди. Ўқувчиларнинг бундай ютуқларга эришишларида албатта, бошланғич синф ўқитувчиси Р. Туробованинг алоҳида ҳиссаси бор.
Дилноза ЮЛДАШЕВА,
38-умутаълим мактабининг инглиз
тили фани ўқитувчиси.