Декабрь ойи бошланғич таълим фанлари ойлиги, деб элон қилиниши муносабати билан тумандаги барча умумтаълим мактабларида ойлик доирасида турли мавзуларда тадбирлар бўлиб ўтяпти. Бизнинг мактабимизда ҳам очиқ дарслар олиб борилиб, туманнинг 22 та умумтаълим мактаблари бошланғич синф ўқитувчилари кузатиб бориши, фан ойлиги доирасида ўқув-семинари ташкил этилиши, Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишлаб тадбир ўтказилиши мактабимиз жамоаси, айниқса, бошланғич синф раҳбарларидан пухта тайёргарлик талаб этди.
Очиқ дарсларда мактабимизнинг бошланғич синф ўқитувчилари томонидан янги педтехнологиялардан фойдаланилган ҳолда дарслар мазмунли олиб борилди. Жумладан, 1-синф ўқувчиларига чиройли ёзиш, 2-синф ўқувчиларига ифодали ўқиш, 3-синф ўқувчиларига эса математика фанидан очиқ дарслар ўтилди. 4-синф ўқувчиларининг ҳам 8-декабрь – Конституция куни муносабати билан “Қомусимиз – бахтимиз!” шиори остида ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида устозларидан ўрганган билимлари синовдан ўтказилди. Ўқувчиларнинг Конституциямиз ҳақида маълумот бериш, мавзу доирасида қўшиқ айтиш, шеър ўқиш, саҳна кўринишлари ижро этиш каби билим ва кўникмалари таҳлил қилиниб, фаол иштирокчига айланган ўқувчилар рағбатлантириб бориляпти. Шунингдек, семинар доирасида ташкил этилган фан ойлиги бурчагида ўқувчилар томонидан чизилган мавзуга доир расмлар, плакатлар, кўргазмали қуроллар намойиш этилди.
Малика ШОДИЕВА,
56-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.