“Янгиариқ” МФЙ “Янгиобод” қишлоғи “Тинчлик” кўчасида яшовчи фуқаро Мирзабой Ҳотамовнинг хонадонида табиий газ таъминоти узиб қўйилди.
Таҳририятимизга газ таъминотидаги узилишларнинг сабабига ойдинлик киритилишида кўмак сўраб мурожаат қилган фуқаро билан суҳбатлашдик.
- Зарур юмушларимиз билан уйдан чиқиб кетгандик, - дейди уй бекаси Мавлуда Ҳотамова тегишли вакиллар келишганида ўз уйида бўлмаганини маълум қилиб. - Келсак қўшнилар табиий газ таъминотидан хонадонларни узиб қўйишганини айтишди. II гуруҳ ногирониман. Қишнинг совуқ кунларида оёқ оғриғи қўзиб қолади. Газдан фойдаланаётган ҳар бир хонадон эса ҳисоблагичга қараб эмас балки, ойига 350.000 сўмдан тўлов қилиши керак эмиш. Ҳар ҳолда газ ёниб турса, ҳисоблагичга қараб ойма-ой тўланса яхши бўларди.
Ушбу хонадонларга ўтган йили газ келиб турган. Аҳоли қиш мавсумида газнинг роҳатини, илиқ тафтини ҳис қилиб ўрганишган. Кутилмаганда ушбу табиий неъматдан бебаҳра қолишаётгани уларнинг хавотирланишига сабаб бўлмоқда.
М.Ҳотамованинг айтишича, газ таъминотидан қарздорлиги йўқ экан. Соҳа мутассаддиларига мурожаат қилишганида мазкур масала бўйича МИБга учрашини билдиришган. “Янгиариқ” маҳалла ҳудудида ҳозирги кунда ҳам табиий газдан фойдаланаётган хонадонлар мавжуд экан. Нега, хонадонларнинг барчаси узиб кетилмаяпти ёки суюлтирилган газ баллонига ўтказилмаяпти? Шу каби саволларга газ баллони билан боғлиқ муаммоларни ҳам қўшиш мумкин.
“Тинчлик” кўчасидаги Нормурот Эрматов хонадони ҳам табиий газ таъминотидан узиб қўйилган. Муаммоси эса газ баллони билан ҳам боғлиқ бўлиб чиқяпти.
- Тегишли вакилларнинг рўйхатида кимнинг фамилияси бўлса, барчаси газ таъминотидан узиб кетиляпти, - дейди Н.Эрматов. - Уларнинг айтишича, бизнинг хонадон газ баллонига ўтказилган экан. Лекин, биз ўша газ баллонини олмаганмиз-ку. Ўтин ёқиб, печкадан фойдаланяпмиз. Бу қачонгача давом этади?
Фуқароларнинг эътирозлари, норозилик кайфияти қай даражада ўринли ва асосли эканига аниқлик киритиш ҳамда юқоридаги саволларга жавоб олиш, фикрларга холисона ёндашиш мақсадида соҳа мутахассисига мурожаат қиламиз.
- Табиий газ етиб бормайдиган аҳоли босқичма-босқич суюлтирилган газ баллони билан таъминланаяпти, - дейди туманлараро 2-сонли газ таъминоти участкаси Булунғур туман ҳудуд устаси Шерзод Исонтурдиев. - Бу ишлар туман ҳудудидаги МФЙлар билан биргаликда бажарилади. Шунинг учун хонадонларнинг маълум бир қисмига газ узатиш тўхтатиб қўйилди.
Шу ўринда бир мулоҳаза. Газ баллони етказиб беришда фуқаролар ўзи яшовчи маҳалласидан маълумотнома олишади. Шахсан ўзи ёки яқин қариндоши газ баллони олиш учун мурожаат қилади. Шунда айримлар яқинлари ё қўшнисининг номига ҳам газ баллони олган бўлишлари мумкин...
Туманлараро 2-сонли газ таъминоти участкаси Булунғур туман ҳудуди устаси Ш.Исонтурдиевнинг маълумотига қараганда, “Янгиариқ” маҳалласида жами 679 та хонадоннинг рўйҳати мавжуд. Шундан 384 та хонадон табиий газдан ҳозирги кунда ҳам фойдаланиб келади. 295 та хонадон эса суюлтирилган газ баллонига ўтказилган. Таъминотдан узилмаган хонадонларга ҳам 2019 йилда босқичма-босқич узилиб, суюлтирилган газ баллонлари етказиб берилиши режалаштирилибди. Юқоридаги рақамларда кўрсатилган табиий газдан узиб қўйилган хонадон эгалари газ баллони сўраб мурожаат қилишса, уларнинг рўйхати газ таъминоти бўйича вилоят бўлимига юборилар ва етказиб бериш чоралари кўрилар экан.
Айримларнинг хатоси шуки, улар эътиборсизлик оқибатида ўзининг номига кимгадир газ баллони олишга розилик берган ёки ўзи кимнингдир номига олиб фойдаланиб қолган. Бунда фақат аҳолини айблаб бўлмайди. Маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан фуқароларга бошқаларнинг фамилиясига ҳам газ баллони олишини, бунга ўша кишининг ўзи ҳам рози бўлгани ҳақидаги оғзаки гапига асосланиб маълумотнома ёзиб бераверишган. Натижада, бир кишига иккита газ баллони берилган, яна кимдир юқоридаги каби ҳолатга дуч келиб, қуруқ қолган.
Ўз навбатида мутасаддилар ҳам фуқароларга соҳага оид маълумотларни, айниқса, Президент Қарори ёки Фармони билан боғлиқ бўлса, жойларда аҳоли ўртасида тарғибот қилиб, кенгроқ тушунча бериб борса, тизим ва соҳага оид ишлар ўз вақтида бажарилиб, энг муҳими, фуқаролар сарсонгарчилигининг олди олинган бўларди, фикримизча.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ,
“Bulung’ur hayoti” мухбири.