Кунлар совиб, қиш эшик қоқмоқда. Маълумки, бундай пайтда туманимиз марказидаги маҳаллалардан ташқари деярли барча маҳаллаларда, қишлоқларда барча хонадон эгалари уйларини иситишда кўпроқ кўмир ва ўтин билан иситиладиган печлардан фойдаланишади. Бундан ташқари табиий газ, маиший газ баллонларидаги суюлтирилган газ, электр печларидан ҳам фойдаланиб хонадонларини иситишмоқда.
Жорий йилда қаттиқ ёқилғи, табиий ва суюлтирилган газдан белгиланган нормалар асосида фойдаланмаганликлари сабабли вилоятимизнинг бир нечта туманларида бахтсиз ҳодисалар юзага келиб, инсонларнинг ис газидан заҳарланиш ҳолатлари юз берди. Бундай нохуш ҳолатлар туманимизда ҳам юз беришининг олдини олиш мақсадида туман элетр тармоқлари ва туман газ идорасидан мутахассислар, ЁХБ инспектори, туман ИИБ профилактика инспектори ва маҳалла фаолларидан иборат бир нечта гуруҳлар ташкил қилиниб, ҳозирда улар барча маҳаллаларда уйма-уй юриб, хонадонларни иситишдаги меъёрлар ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришмоқда. Шу пайтгача туманимиз марказидаги маҳаллалардан ташқари “Каттақишлоқ”, “Мингчинор”, “Гулзор”, “Оқтепа” ва “Гулобод” маҳаллалари ҳудудидаги аҳоли хонадонлари кўздан кечирилиб, мутахассислар томонидан иситиш печларидан ва газ баллонларидан тўғри фойдаланишлари тартиблари бўйича тушунчалар берилди ҳамда эслатма материаллари тарқатишга эришилди.
Абдусалом РАББИМОВ,
туман ЁХБ инспектори, лейтенант.