Саноат касб-ҳунар коллежида вилоят ҳикими вазифасини бажарувчи Э.Турдимов ҳамда вилоят ва тумандаги ташкилот, корхона ва муассасалар раҳбарлари иштирокида “Сайёр қабул” ҳамда халқ билан учрашув бўлиб ўтди. Унда турли муаммо ва масалалар юзасидан фуқароларнинг муржаатлари тингланди. Ичимлик суви, электр таъминоти, табиий газ, тиббий хизмат кўрсатиш, уй-жой қуриш учун ер майдони ажратиш, ободонлаштириш ва юридик шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятидаги мауаммоли масалалар кўрилди.
Дастлаб, вилоят ҳокими в.б. Э.Турдимов сўзга чиқиб, Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак”, дея айтилган сўзларини келтириб, тадбирни очди.
“Зарафшон” маҳалласида яшовчи фуқаро Абдураҳмон Шомаҳатов, “Muhabbatavtotrans” МЧЖда “Булунғур – Самарқанд” йўналишида ҳайдовчи бўлиб ишлашини, ноқонуний қатновчи таксилар йўлтўсарлик қилаётгани ҳақида ИИБ вакилларига мурожаат қилди.
“Сайилтепа” маҳалласида яшовчи Наргиза Каримова уй шароитида хусусий болалар боғчаси очиш борасида ўзини ўйлантираётган саволларга тегишли тартибда жавоблар олди ва унга мутахассислар томонидан тавсиялар берилди.
“Гулистон” МФЙдан Маъмура Ғафурова турмуш ўртоғи Муродилла Шамсиевнинг 2-гуруҳ ногирони бўлгани учун оёғига протез қўйдиришда амалий ёрдам сўради. У намунавий уй-жойга эҳтиёжмандлиги ва оилавий тарбиркорлик қилиш мақсади борлигини айтиб мурожаат қилди.
Шунингдек, Лолагул Исаева икки нафар ишсиз фарзанди борлиги, 2014 йилда болалар ўйингоҳи қуриш учун ер-жой ажратишни сўраб, мутасаддиларга мурожаат қилганини айтди. Берилиши кўзда тутилган 5 сотих жой учун яна икки нафар даъвогар шахс ҳам бўлиб, ушбу ерни ажратиб бериш борасида амалий кўмак сўради.
“Сайёр қабул” ва учрашувда фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун муаммоларни ҳал этиш бурчаги ташкил этилган бўлиб, “Ўроқли” МФЙдан келган Абрураззоқ Давуров жисмоний тарбия ва спорт ишлари бурчагига таклиф киритди.
- “Алқортепа” қишлоғида футбол ўйингоҳи ҳамда шу қишлоқдаги 39-мактабда футбол майдони ташкил этилса яхши бўларди, - дейди А.Давуров. - Шунда қишлоқ ёшлари бўш вақтини бекор ўтказмасдан, спорт машғулоти билан банд бўлишади.
“Ниёзмат” МФЙ фаолларидан Эркин Бошмонов ҳамда Ҳамид Сулаймонов вилоят ҳамда туман транспорт корхонаси вакиллари Фарид Бурхонов ва Алижон Аҳмедовга “Ниёзмат - Самарқанд”, “Ниёзмат - Булунғур” йўналишида автобус қатновини йўлга қўйилишини таклиф қилди.
“Каптархона” маҳалласидан Абдусалом Ғаффаров, 62 ҳамда 14-мактабга олиб борувчи йўлларда, “Кичик Килдон” МФЙдан Бўрон Тўрақулов 42-мактаб ёнидан ўтувчи йўлда машиналар тезликни ошираётгани боис йўл белгилари ташкил этиш лозимлигини билдирди.
Яна “Чангал” МФЙ фуқароси Қаюм Ирисев ўғли Маҳмуд Бобоновнинг судлангани сабаб унга қонуний енгиллик беришни сўраб ЖИБ вилоят суди раиси Олим Ҳайитов ҳамда ЖИБ туман суди раиси Фарҳод Худойбердиевга мурожаат қилди. Мурожаатчига ушбу масала юзасидан Республика Олий судига қонуний тартибда мурожаат қилиш мумкинлиги тушунтирилди.
“Сайёр қабул” ва учрашувда 264 нафар жисмоний ва юридик шахлардан мурожаатлар келиб тушган бўлиб, мавжуд муаммо ва масалаларни кўриб чиқиш учун қисқа муддат белгилаб олинди.
“Халқ дарду-ташвиши билан яшамоқ – энг олий саодат”, деган Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фикрининг амалий ифодаси бўлди бу тадбир.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.