Ҳар пайшанба “Профилактика куни” сифатида белгилаб олинганлиги сабабли ҳам жойларда аҳоли ва истеъмолчилар билан учрашувларда асосан уларнинг ҳуқуқи ва мажбуриятлари ҳақида сўз юритиб, истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билимини янада оширишга эътибор қаратамиз.
Истеъмолчилар Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ўтказиладиган текширишларда уларнинг шахсий рақами бўлган махсус жетони ва хизмат гувоҳномалари билан танишиш ҳуқуқига эгадирлар. Шунингдек, ўз навбатида ҳар бир истеъмолчи бюро ходимига ҳисобга олиш ускуналарини кўришига имкон бериши (акс ҳолда, бундай ҳолат тармоқдан узиб қўйишга сабаб бўлиши мумкин), тўловларни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиши, бюро ходими томонидан хабардор қилинган пайтдан бошлаб 5 кун муддат ичида қарздорликни ихтиёрий равишда бартараф этиши, хонадон ёки бинодаги газ, электр тармоқларидаги ва сув таъминоти қурилмаларини лойиҳа асосида ишлаётганини кўрсатиши ҳамда бюронинг ёзма кўрсатмаларини ўз вақтида бажариш каби мажбуриятларни бажаришлари лозим бўлади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 ноябрдаги ПФ-5241-сонли Фармонига мувофиқ жорий йил бошидан коммунал хизматлар 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида амалга оширилмоқда. Худди газ ва электр таъминотидаги бўлгани каби сув таъминотидан илгари узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш жисмоний шахслардан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида, юридик шахслардан эса 10 баравари миқдорида тўлов ундирилади. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги ПФ-5343-сонли Фармонига асосан жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб яшаш манзилида доимий рўйхатдан ўтган вояга етган шахслар ҳам энергия ресурслари ва сув тўловлари бўйича мажбуриятлари юзасидан уй мулкдори билан биргаликда (солидар тартибда) жавобгар ҳисобланишади.
Шавкат ТОЖИБОЕВ,
туман МИБ бошлиғи.