БОСМАХОНА: ЧОП ЭТУВЧИГА ШОГИРДЛИК
Газетанинг 90 йиллиги муносабати билан чоп этилаётган мақолаларнинг бугунги навбатида ушбу нашрга узоқ йиллар раҳбарлик қилган, шу соҳада суяги қотган, кўплаб шогирдларнинг устози бўлган Йўлдош Отамуродовнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қоғоз қоралашга киришар эканман, кўз олдимда салкам ярим асрлик тарих гавдалангандек бўлди.
Йўлдош Отамуродов газетачилик фаолиятини ўсмирлик чоғларида – олис олтмишинчи йилларда, туман газетаси босмахонасида чоп этувчига шогирдликдан бошлаганлигини тез-тез ёдга олиб турарди.
- Менга чоп этувчига кўмаклашиш вазифаси топширилганди, - деб ўша дамларни эсларди Йўлдош ака. - Вазифам қўлбола чоп этиш ускунасининг қўлда айлантириш мосламасини айлантириш эди. Устозим анчайин талабчан, зийрак ишчи бўлиб, мендан ускунани бир маромида айлантириш, чоп этилаётган газета бўёғини мудом назорат қилишни талаб этарди.
Ўша пайтда Булунғур ва Жомбой туманлари бирлаштирилиб, газетамиз ўтмиздоши – “Коммунист” газетаси таҳририяти ҳозирги қўшни туман марказига кўчирилганлиги боис босмахона ҳам, таҳририят ҳам ўша жойда фаолият юритганлигини кўпчилик билмаса керак. Таҳририятнинг босмахона цехида соҳа сир-асрорларини пухта эгаллаган ёш мутахассис таҳририятнинг ижодий йўналишида ҳам фаолият юритиб, собиқ ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг сиртқи бўлимида таҳсил олиб, бир умр фаолият юритган соҳасига кириб келди.
ИЗЛАНИШ ВА ИЖОДИЙ ФАОЛИЯТ
Газетанинг ўтган аср олтмишинчи йилларида чоп этилган таҳламларига кўзингиз тушса, Йўлдош Отамуродов имзоси билан чоп этилган турли жанрлардаги материалларга шоҳид бўласиз. Унинг зийраклиги ҳамда изланувчанлиги ўша пайтдаги ижодкорлар томонидан юқори баҳоланганлигини бугун ҳаёт бўлган замондошлари ҳам фахр билан эслашади. Айниқса, унинг қаламига мансуб танқидий, таҳлилий чиқишлар даврнинг шов-шувига айланланганлиги ҳам бор гап.
Ҳам ўқиш, ҳам ижодий изланишни биргаликда давом эттирган ёш ижодкорга бошқа соҳаларда ҳам ўз кучини синаб кўриш, ўша давр ибораси билан айтганда “ўзини кўрсатиш” таклифлари тез-тез билдириларди. Қолаверса, таҳририят ходимларини ўша пайтда “райком”, “райисполком” деб аталган ташкилотларга ишга таклиф этиш анъана тусига кирган эди.
СИЁСИЙ ТАШКИЛОТ ЕТАКЧИСИ
Ёш, изланувчан ходим тез орада туманнинг бош сиёсий маҳкамасига ишга қабул қилиниб, кўп ўтмасдан собиқ Навоий номли хўжалик партия ташкилоти етакчиси этиб тайинланди.
Йўлдош аканинг ўзигагина хос бўлган камсуқумлиги, камтарлиги бор эди. Бу камтарлик ҳақида ўша пайтда у киши билан ишлаган айрим раҳбарлардан шундай гапни кўп бор эшитганман: “У киши хўжалик товуқхонасидан ойига атиги ўттиз дона тухум олиб, унинг ҳар донаси учун 8 тийиндан ғазнахонага пул тўлаб турарди”.
Бу гаплар кимлар учундир кулгули, эриш туюлар, бироқ Йўлдош аканинг бу борадаги ўз ҳаётий қарашлари борлигидан дарак берадиган хусусиятларидан бири эди.
Йўлдош Отамуродов хўжаликда сиёсий раҳбар бўлиб ишларкан, аввало сиёсий сафдошларининг ҳалол, покиза фаолият юритишларини қаттиқ назорат қилар эди. Бу ҳақда у киши билан бирга фаолият юритган кўплаб сафдошлари ҳамон эслаб юришади.
ЁШЛАР УСТОЗИ
Йўлдош ака 1975 йилда “Булунғур ҳаёти”нинг ўтмишдоши бўлган “Коммунист” газетасига муҳаррир этиб тайинланди. Ходимлар малакасининг пастлиги, шароитнинг оғирлиги раҳбарни жиддий синовдан ўтказганлиги бор гап. Ходимлар малакасини ошириш, бу борадаги танқисликка барҳам бериш мақсадида таҳририят қошида ишчи-қишлоқ мухбирлари мактаби ташкил этилиб, кўплаб ижодкор ёшлар жалб этилди. Улар орасида камина – ушбу сатрлар муаллифи ҳам бўлганлигидан, ушбу мактабнинг илк қалдирғочларидан бири эканлигимдан фахрланиб юраман.
1978 йилда мактабни битириб, ТошДУ журналистика факультетига ўқишга кирдим. Орадан 1 йил ўтиб, таҳририятга амалиётни ўташ учун келганимда Йўлдош ака: “Сиз Булунғурдан шу факультетнинг кундузги бўлимига кирган илк талаба бўлдингиз”, деб қутлаган эди. Ўша пайтда иқтисодий қийнчиликлар гирдобида бўлган ёш талабани қўллаб-қувватлаш ташаббуси ҳам бевосита устоздан чиққанлиги, икки ойлик амалиёт мобайнида сиртқи ўқишга кетган, меҳнат таътилига чиққан ходимлар ўрнига ойлик маошдан иқтисод қилинган пул ҳисобидан ҳақ тўланганлигини бировга айтсам, ишонмаслиги турган гап.
Йўлдош Отамуродовнинг жамоани шакллантириш, ижодий жараёнга раҳбарлик қилишда ўзига хос қарашлари бор эди. Бугунги кунда ҳам таҳририятда фаолият юритаётган ходимларнинг кўпчилиги бевосита унинг раҳбарлиги остида фаолият юритганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. Нима бўлганда ҳам ўз умрини газетага бағишлаган, бугун боқий дунёга йўл олган бу инсоннинг хотирасини яхши амаллар билан эслашга бурчлимиз, деб ўйлайман.
Қувондиқ ХАЛИЛОВ.