САРҒАЙГАН САҲИФАЛАР
Маълумки, бу йил достончиликда ўзига хос мактаб яратган, юрт мадҳи айниқса, қаҳрамонлик мавзусидаги достонлари, термалари билан машҳур бўлган, Булунғур достончилик мактабининг йирик вакилларидан бири, бахши шоир Фозил Йўлдош ўғли таваллудининг 150 йиллиги кенг нишонланиш арафасида. Бу борада қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Шу боисдан ҳам қуйида газетамизнинг “Сарғайган саҳифалар” рукни остида собиқ “Коммунист” газетасининг 1967 йил 15 август сонида муаллиф Жаҳонгир Қўчқоровнинг “Фозил Йўлдош ўғли” сарлавҳаси билан чоп этилган мақоласини Сиз азиз ўқувчиларга тақдим этишни лозим топдик.
Фозил Йўлдош ўғли - ҳаёт қийноқларида тобланган эди...
Фозил Йўлдош ўғли 1872 йилда районимизнинг Бедана қишлоқ Советига қарашли Лойқа қишлоғида туғилди. Шоирнинг отаси Йўлдош ака қашшоқ деҳқонлардан саналарди. Унинг бисотида чорак танобгина ери бўлган. Шунинг учун ҳам Йўлдош ака бу ерда кечаю-кундуз ишлаб, зўрға рўзғор тебратарди. Лойқа қишлоғидаги меҳнаткаш аҳолининг аҳволи ниҳоятда оғир эди. Натижада қишлоқнинг кўпчилик аҳолиси 1873 йилда кун кўриш учун Челак ( ҳозирги Пайариқ районида) қишлоғига кўчиб кетади. Булар орасида Йўлдош аканинг оиласи ҳам бор эди. Бироқ, бу ерда ҳам яхши ҳаёт кечиролмаган Йўлдош ака 1877 йилда Челакда вафот этади.
Беш ёшида отасидан етим қолган Фозил онаси билан бирга оғир аҳволда яшайди. Кунини ўтказиш учун ёш Фозил 9 ёшидан бошлаб бойларнинг молини боқади, чўпонлик қилади. У қариндошларининг маслаҳати билан Ғаллаорол районига боради. У бу ердаги турли қишлоқларда бойлар эшигида қарол ва чўпон бўлиб ишлайди.
Фозил тахминан 20 ёшида ўз қишлоғига қайтади. У бу ерда отасидан қолган чорак таноб ерда деҳқончилик билан шуғулланади. Бироқ, бу озгина ер билан кун кечириш мушкул эди. Мана шундай муҳтожлик, йўқчилик натижасида Фозил ўқий олмайди, саводсиз қолади.
Фозил мол боқиб юрган пайтларида чўпон дўстларидан дўмбира чертишни ўрганади, ўзининг ва ўзига ўхшаган камбағалларнинг аянчли аҳволини, дард ва аламли ҳаётини тасвир этадиган қисқа ва кичик қўшиқлар ярата бошлайди. У вақтларда Ғаллаорол теварагида бир неча достончилар бор эди. Ёш Фозил уларнинг айтган, куйлаган достонларини ҳавас ва зўр иштиёқ билан тинглар, айрим қўшиқларини ёд олар эди. Унда халқ достонларига қизиқиш кучаяди ва достончи шоир бўлиш орзуси уйғонади.
Ўша даврда уч оға-ини Йўлдош, Қўлдош ва Суяр шоирлар халқ ўртасида ўз достонлари билан машҳур эдилар. Ёш Фозилнинг қобилиятини Йўлдош шоир сезиб қолади ва уни ўзига шогирдликка олади. Йўлдош шоир Фозилни ота ўрнида тарбиялайди, достончилик йўлларини ўргата бошлайди. У устозининг ўргатганларини қунт билан ўзлаштира боради, оз вақт ичида устозининг кўп достонларини ўрганади, ўзи ҳам мустақил айтадиган бўлади.
У вақтларда бахши номини олиш учун устоз томонидан чақирилган йиғинларда достон айтиб синовдан ўтиш керак эди. Фозил ҳам устоз синовидан муваффақиятли ўтиб бахши номини олади. Шундан кейин у халқ ўртасида достонлар куйлай бошлайди.
Фозил шоир реал ҳаёт ичига чуқурроқ кириб боради. Халқнинг узоқ асрли бой ва ўзига хос оғзаки ижодий хазинасидан кенг фойдаланади. Булар эса шоирнинг тушунчасини ўстиради, турмушни чуқурроқ англашга ёрдам беради, ижодини бойитади, шеъриятдаги маҳоратини оширади.
Фозил шоир ўзининг достон ва термаларида халқни мардликка чақиради, дўстликни улуғлайди, меҳнат, ҳунар ва маърифатни завқ-шавқ билан куйлайди. Она Ватанга, халққа, ота-онага жонкуяр бўлишни улуғлайди. Унинг “Алпомиш”, “Ёдгор”, “Ширин билан Шакар”, “Рустамхон”, “Маликаи айёр”, “Интизор”, “Балогардон”, “Муродхон” ва халқ варианти - “Фарход ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун” каби достонларида олийжаноблик, инсонпарварлик ғоялари, халқнинг умид ва орзулари бадиий образлар орқали кўрсатилади.
Шоир ўзи яшаган замонни ўткир кўз ва зеҳн биланкузатиб боради. Шунинг учун ҳам шоир ижодининг ажойиб фазилатларидан бири – унинг замонавийлигидир. Бунга мисол қилиб унинг1908 йилда ижод қилган “Чигиртка” термасини кўрсатиш мумкин.
Қишлоқма-қишлоқ достон айтиб юрган Фозил шоир халқнинг оғир ҳаётини ўз кўзи билан кўрган, ўзи яшаб турган муҳитда юз берган воқеалар ва ҳодисалардан материаллар олган. Шу асосда унинг “Маматкарим полвон”, “Очилдов” ва “ Жиззах қўзғолони” достонлари юзага келди.
Улуғ Октябрь социалистик революциясининг ғалабаси, кескин синфий курашлар, совет матбуоти, Коммунистик партия Фозил шоирнинг синфий онгини, дунёқарашини қайта тарбиялади, ижодий маҳоратини янада ўстирди. У совет даврининг йирик куйчиси даражасига кўтарилди. Кенг халқ ўртасида унинг ҳурмати янада ошди.
Фозил шоир 1927 йилда “Октябрни қутлайман”, 1930 йилда “Сельмаш”, “Текстилькомбинат”, “Жамбул” каби термаларни яратди.
Фозил шоир Улуғ Ватан уруши йилларида фашист босқинчиларига қарши халқнинг нафрат-ғазабини ўз термаларида куйлади. Улуғ Ватан урушидан сўнг у ўз ижодини халқ хўжалигини тиклашга, уни янада ривожлантиришга қаратди.
Советҳукумати Фозил шоирнинг хизматларини юксак тақдирлади. Ўзбекистон ССР Марказий Ижроия Комитетининг қарорига асосан Фозил шоир 1928 йилда умрбод бериладиган пенсия билан таъмин этилди. СССР Олий Совети Президиуми кўп йиллик самарали ижодий хизматлари учун Фозил Йўлдош ўғлини Ленин ордени билан мукофотлаган эди.
Фозил Йўлдош ўғли 1955 йил 17 мартда вафот этди ва у район марказидаги истироҳат боғига дафн этилди.
Ўзбек халқ шоири Фозил Йўлдош ўғлининг ёрқин хотираси қалбларимизда узоқ йиллар яшайди. Ҳозирги кунда республикамиздаги айрим муассаса ва кўчалар унинг номи билан аталади. Жумладан, районимиздаги 2-ўрта мактаб ва у дафн этилган истироҳат боғига Фозил Йўлдош ўғли номи берилган.
Жаҳонгир ҚЎЧҚОРОВ.
1967 йил 15 август.