Ҳар бир ота-она фарзанд тарбиялаб вояга етказар экан, келгусида уларнинг камолини кўриб, ютуқларидан фахрланиб юришни истайди. Шу боис уларнинг ўқиши, жамиятда юриш-туриш қоидаларига амал қилиши, соғлиги, билими, хулқи, одобини мунтазам назорат қилиб боради. Фарзандлари улғайиб, бирор касбни эгаллаб, юрт корига ярайдиган, жамиятга нафи тегадиган, Ватанга содиқ комил фарзандлар бўлгач эса ота-оналари улардан фахрланиб юришади. Ўз навбатида бунга ҳақлидирлар ҳам.
Бировнинг мулкини бесўроқ олиш ҳам ўғирликнинг бир тури ҳисобланади. Ота-боболаримиз азалдан ўғирликка ёмон хислатлардан бири сифатида қарашган. “Ўғри” деган ном орттириш нафақат шахсга нисбатан, балки оилага, жамиятга нисбатан ҳам иснод эканлигини ҳар доим фарзандларига уқтириб, ҳалол меҳнат қилиш, тўғри сўзлаш, ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслик ҳақида таъкидлаб келишган. Бироқ, шундай бўлсада онда-сонда орамизда ўғирликка қўл урадиганлар ҳам учраб туради.
Эндигина йигирма беш ёшни қаршилаган Тоҳир ҳали “суяги қотмай” туриб, жисмоний меҳнатдан кўра қинғир йўллар билан бўлсада, осонгина мўмай даромадга эга бўлиш учун “оддий фуқаролар”нинг шахсий мулкига кўз олайтиришдан ҳам тоймади. У ўзаро муомалада танишларидан бироз қарздор бўлиб қолгач, маблағни қаердан топишни ўйлаб боши қотди. Кўп ўйлади, бироқ чорасини тополмади. Шундай кунларнинг бирида ташвишлардан боши қотган Тоҳир кеч бўлгач кўчага чиқиб турганида, қўшниси Шаҳло икки нафар фарзандини етаклаб, ота ҳовлиси томон кетди. Тоҳир сездики, у бугун уйига қайтиб келмайди. Демак, бугун тунда Шаҳлонинг хонадонида ҳеч ким бўлмайди. Тунда бемалол кириб, уйдаги бисотларни олиб чиқиб, арзон-гаровга пулласа ҳам қарзларидан бир йўла қутула қолади.
Тохир кеч бўлишини сабрсизлик билан кута бошлади. Унгача эса яна бир қанча жиноий режаларни ўйлади. Нитҳоят, қош қорайди, атрофга қоронғулик чўкди, кўчада одамларнинг қадам товуши ва итларнинг увлаши тиниб, атроф жим-жит бўлгач, ярим тунда Тоҳир жиноий режасини амалга оширишга киришди. Шаҳло яшайдиган хонанинг кўчага қараган деразасининг михларини суғуриб, ичкарига кирди. Хонадаги жавон ичидан бир дона тилла ва олти дона кумуш сирғалар, бир дона “VORKOM” русумли планшетни ва ушбу жавонда қутида бўлган икки дона100.000 сўмлик пулларни ҳамда хонада бўлган оқ рангли тарозини олиб, ҳовлининг орқа томонидаги очиқ жойидан ўтиб, уйига жўнади. Туни билан қўлга киритган буюмларни қаерда қанчага пуллашини, бу пулларни нималарга ишлатишини ўйлаб тонг орттирган Тоҳир тонг отиши билан жиноий йўл билан қўлга киритган планшетни олиб, туман маркази томон жўнади. Туман марказидаги бир қанча “Агро-мобайл” савдо дўконларини айланиб, охири улардан бирига планшетни 80.000 сўмга пуллади. Пулнинг ярмига ошхонага кириб тамадди қилиб олган Тоҳир тушга яқин уйига қайтганида уни қўшниси Шаҳло ва ИИБ ходимлари кутиб туришганди. Тоҳир англадики, гапни айлантиришдан фойда йўқ. Дарҳол уйига кириш олдидаги кўприк тагига яшириб қўйган тилла тақинчоқлар, сирға ва узукларни чиқариб, Шахлога берди. Пулларни эса ўз шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборгани, келгусида ишлаб топиб беришини айтиб узр сўради. Шаҳло ҳам рози бўлди. Иш силлиқ кечганидан хурсанд бўлган Тоҳир энди пулларни қандай қилиб қайтаришни ўйлай бошлади.
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидек, жисмоний меҳнатга бўйни ёр бермайдиган Тоҳир яна бир бор ўғирлик қилиб, қўшниси Шаҳлонинг қарзларидан қутулишни режа қилди. Кечаги режаси пишиқ-пухта ўйланмагани учун тезда “миси” чиқиб қолди. Энди бу галгисида пишиқроқ бўлади. Режаларни аниқ белгилайди. Ана шунда ҳеч ким, ҳатто ИИБ ходимлари ҳам ундан шубҳа қилмайди. Тоҳир ана шундай хом хаёллар билан навбатдаги қишлоқдошининг уйини назорат қила бошлади. Биринчи жиноятидан беш кун ўтиб, тўйдан спиртли ичимлик истеъмол қилган Тоҳир тунда ўзи тузган режага асосан Мадинанинг дарвозаси очиқлигидан фойдаланиб, яшаш уйига кириб борганида, чироқ ўчган, лекин Мадина уйда фарзандлари билан ухлаб ётганини кўриб, қўрққанидан қайтиб кетмоқчи бўлиб, орқага тисарилаётганида, қоронғуда бехосдан оёғи хонада бўлган электр печга тегиб кетди. Шовқиндан уйғониб кетган Мадина қоронғуда хонада кимдир борлиги ва бу кимса ётоқ кровати остига киргандек бўлгани учун қўли билан кроват тагини пайпаслаётганда қўли эркак кишининг юзидаги соқолига тегиб кетиб, сесканганидан бақириб юбораёзди. Қичқириқдан ҳовлидаги бошқа кишилар ҳам хабар топиб уйғониб кетмаслиги учун Тоҳир зудлик билан кроват тагидан чиқиб, Мадинанинг оғзини қўли билан беркитди. Бундан яна ҳам қўрқиб кетган Мадина бор кучи билан ўзини ҳимоя қилишга уринди. Тоҳирнинг юзига чанг солди, юмдалади.
Хонадаги шовқиндан қўрқиб кетган болалар ҳам уйғониб, бақириб йиғлаб юборишди. Қўшни хонада бўлган Мадинанинг қайнотаси келиб қолишидан хавфсираган Тоҳир қўлини Мадинанинг оғзидан олиб, ёнида турган электр печни унга қарата улоқтириб, ташқарига қараб отилди. Мадина ва қайнотаси Маҳрам ака уни қувиб етолмади. Бироқ Тоҳир узоққа кетмаган эди. Бироздан сўнг яшириниб турган жойидан чиқиб, уйи томон ошиқаётган Тоҳирни Маҳрам ака қувиб тутиб олди.
Суд, судланувчи Т.Янгибоевни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 2-қисми “г” банди ва 25, 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли, деб топди ҳамда унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 59-модадсига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 2 (икки) йил 8 (саккиз) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Т.ҚОДИРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг судъяси.
Г.НЕГМАТОВ,
Жиноят ишлари бўйича Булунғур туман судининг раиси.