- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини жамоамиз билан биргаликда ўқиб чиқдик , - дейди туман Тиббиёт бирлашмаси Шошилинч тиббий ёрдам бўлими мудири, шифокор-жарроҳ Асомиддин Қоржобов. - Мурожаатномада шундай дейилган:
Таъкидлаш керакки, пандемия барчамизга тиббиётнинг бирламчи бўғини – тез ёрдам хизмати, санитария-эпидемиология тизимини тубдан ислоҳ қилиш муҳим ҳаётий зарурат эканини яна бор кўрсатди.

Ҳозирги вақтда дунёнинг бошқа минтақаларида кузатилаётган “пандемиянинг навбатдаги тўлқини” ва у билан боғлиқ хавф-хатарлар ҳаммамизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга ундамоқда.
Буюк аждодимиз Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғликда, деб билгин”, деган чуқур маъноли сўзлари нақадар тўғри эканини ҳаётнинг ўзи бугун қайта-қайта исботламоқда.

Шу боис мавжуд имконият ва салоҳиятимиз, пандемия даврида орттирган тажрибамиз ҳамда хориждаги илғор ютуқлардан фойдаланиб, аҳоли саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасидаги туб ислоҳотларимизни янги босқичга кўтаришимиз зарур. Бунда аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш - энг устивор йўналишлардан бири бўлиши лозим.

Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади. Шу сабабли биз ислоҳотларимиз кўлами ва самарасини янада оширишда ҳар томонлама етук, замонавий билим ва ҳунарларни пухта эгаллаган, азму шижоатли, ташаббускор ёшларимизга таянамиз
Айни пайтда замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган Шошилинч тиббий ёрдам бўлими хирургия постида ўндан ортиқ малакали шифокорлар ва ҳамширалар аҳоли саломатлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилишмоқда. Бўлимдаги 2 та жарроҳлик блоки замон талаблари асосида тўлиқ жиҳозланган. 10 нафар беморга мўлжалланган бу бўлимда шу кунгача 1200 дан ортиқ ўткир хирургик ва травматологик беморлар соғайиб чиқишди. Бўлимда асосан ўткир хирургик касаллар, ўткир халецистит, ўткир панкратит, қон кетишлар ва шикастланишлар билан боғлиқ беморлар даволанишади.

- Менга оғир аҳволдалигимда “Тез ёрдам” машинасида Калтепа қишлоғидан шу бўлимга олиб келишган эди, - дейди 23 ёшли бемор Мадина Ҳайдарова. - Қўли енгил шифокорлар мени жарроҳлик йўли билан оёққа турғазишди. Ҳозир аҳволим анча яхши. Эртага уйга кетишимга рухсат беришади. Халқимиз саломатлиги йўлида жон куйдириб меҳнат қилаётган шифокорлардан миннатдорман.
Раббим ҲОТАМОВ.