Тиббий кўрик - инсонлар саломатлигини сақлаш, касалликлар келиб чиқиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида ўтказиладиган тадбирлардир. Тиббий кўрикнинг аҳамияти шундаки, ўз вақтида ўтказиладиган тиббий кўрик доимо соғлом бўлиб юриш имкониятини яратади.
Тиббий кўрик кўп тармоқли марказий поликлиника, оилавий поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда диспансерларда ўтказилади. Ҳар бир инсон тиббий кўрикдан ўзларининг доимий яшаш жойларидаги оилавий поликлиникаларда йилда бир маротаба ўтишлари тавсия этилади.
Тиббий кўрикдан ўтаётганда қуйидагиларга эътибор бериш керак:
- умумий қон, сийдик таҳлили;
- қон босимини ўлчаш;
- барча диагностик текширувлардан ва тор соҳа мутахассислари кўригидан ўтиш.
Чуқурлаштирилган тиббий кўрикда педиатр, терапевт, жарроҳ-ортопед, гинеколог, офтальмолог, дерматолог, невролог, логопед, стоматолог, психолог, эндокринолог мутахассислари иштирок этадилар.
Тиббий кўрикнинг аҳамияти катта. Бунда:
- касаллик ўз вақтида аниқланади;
- аниқланган касаллик тезда даволанади;
- хасталикнинг сурункали ҳолатга ўтиб кетишининг олди олинади;
- инсоннинг умри узаяди;
- соғлом авлод дунёга келади.
Ўз саломатлигини асраган ва мустаҳкамлаган инсон соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиради ва узоқ умр кўради.
Ўсмир қизларнинг ҳам тиббий кўрикдан ўтиши соғлом оилани шакллантиришда, соғлом авлодни яратишда муҳим аҳамиятга эга.
Ўсмирлик даври 15-17 ёшни ўз ичига олиб, бу даврда ёш организмда ўзгаришлар тез ривожланади. Шунинг учун бу даврда ўз вақтида шифокор назоратида бўлиш, мунтазам тиббий кўрикдан ўтиш касалликларни барвақт аниқлаш ҳамда уни эрта бартараф этиш имкониятини беради.
Ўсмир қизларни тиббий кўрикдан ўтказишдан мақсад - касалликларни ўз вақтида аниқлаш, аниқ даво муолажаларини ўтказиш, касалликларнинг сурункали даражага ўтишининг дастлабки давриданоқ олдини олиш, оғир асоратлар юз бермаслигига эришишдан иборат.
Ўсмир ёшидаги қизлар йилда 1 марта чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрикдан мунтазам ўтиб туриш соғлиқ билан боғлиқ бўлган жиддий муаммоларнинг олдини олишга имкон беради.
Замонавий тиббиёт кўпгина касалликларни даволаш имкониятига эга. Лекин, касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш осонлигини унутмаслигимиз керак.
Фотима ҒУЛОМОВА,
Кўп тармоқли марказий поликлиника
қошидаги “Саломатлик маркази”
шифокори.