Қиш ҳавоси. Бир кунда ҳаво бир неча бор ўзгариб туради. Гоҳ қуёш чиқиб кун қизиса, гоҳида ҳавони булут қоплаб, изғирин бошланади. Уйдан юпун кийиниб чиққан киши бу ҳаво ўзгаришларидан шамоллаб қолиши ҳам ҳеч гап эмас. Ҳозирда мана шундай эътиборсизликлари туфайли баъзи кишилар, айниқса ўсмир ва ёш болалар грипп вирусини юқтириб олишмоқда. Грипп касаллиги билан оғриган кишида тана ҳарорати одатдагидан анча юқори бўлади. Нима бўлганда ҳам кўпинча бепарволикка йўл қўямиз. Оиладан бирортасининг тоби қочиб, кўрпа-тўшак қилиб ётиб қолгудек бўлса ҳам жиддий эътибор қаратмаймиз. Совуқда тумов бўлган, ўтиб кетади, деб бепарволикка борамиз. Бемор жуда ҳолдан тойиб, қуввати кетиб бўлганидан сўнг бирорта автомобилда шифохонага олиб борамиз. Бунда баъзан жуда кеч бўлган бўлади. Илгари оиладаги вақт-бемаҳал оғриган беморни яқинлари шифохонага олиб келишган бўлишса, эндиликда туманнинг қайси ҳудудида бўлмасин, ўша жойнинг ўзида “Шошилинч тез тиббий ёрдам” бўлимига қўнғироқ қилинса бас, шифокорлар зудлик билан айтилган манзилга етиб келиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатишади. Мабодо беморнинг аҳволи оғирлашган бўлса, туман марказидаги шифохонага олиб келиб жойлаштиришади.
Туман тиббиёт бирлашмаси “Шошилинч тез тиббий ёрдам” бўлими ходимлари ҳам ўз иш фаолиятларида шошилинч тиббий ёрдам хизматларига тегишли бўлган ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ҳозирги пайтда бўлимда 57 нафар малакали шифокорлар бўлиб, шундан 1 нафари олий тоифали, 1 ва 2 тоифадагилари эса 14 нафарни ташкил қилади. 72 нафар ўрта тиббий ходимлардан 43 таси турли тоифага эга. 7 нафари кичик тиббий ходимлардир. Уларнинг барчаси чақирув бўлган хонадонларга ўз вақтида етиб бориб, зудлик билан беморга бирламчи тез тиббий ёрдамни кўрсатиб келишмоқда. Бу хизматлар учун улар зарур бўладиган барча асбоб-ускуналар, тиббиёт буюмлари билан тўлиқ таъминланган. Туманимиз аҳолисига айни пайтда 10 та шифокорлик бригадаси тез тиббий хизматлари кўрсатишмоқда. Бу бригадаларнинг ҳар бири алоҳида жиҳозланган автомобиллар билан таъминланган.
- Жорий йилда бўлимимиздаги 45 нафар тез тиббий ёрдам автомобиллари ҳайдовчилари вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимида фаолият юритаётган тиббиёт мутахассислари томонидан ташкил қилинган махсус курсларда қатнашиб, беморга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмасига эга бўлишиб, уларга махсус сертификатлар берилди, - дейди туман тез тиббий ёрдам бўлими мудири Саидолим Акбаров. - Шунингдек, жорий йилда 1 дона замонавий, янги, барча тиббий қулайликларга эга бўлган “Ниссан” русумли автомобилига ҳам эга бўлдик. Йил охирига қадар яна икки дона “Дамас” русумли тез тиббий ёрдам автомобилини олиб келиб, улар билан туманимизнинг олис ва чекка ҳудудлари бўлган “Хўжамазгил” ва “Ғўбдин” қишлоқлари аҳолисига хизмат кўрсатувчи янги шахобчаларни таъминлашни режалаштирганмиз.
Бугунги кунда туман марказида 4 та бригада, ҳудудлардаги шахобчаларда эса 6 та бригада фаолият кўрсатмоқда. Ҳар бир бригада ўртача 13000 кишига тиббий хизмат кўрсатиши белгилаб олинган. Шунингдек, Килдон қўрғони марказидаги “Олмазор” ва Ф. Йўлдош қўрғони ҳудудидаги “Оқтош” қишлоқ оилавий поликлиникалари ҳам аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатиб келишмоқда.
Яқинда олиб келинган “Ниссан” тез тиббий ёрдам автомашинаси тўлиқ тиббий аппаратлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, улар ўпканинг сунъий вентиляция аппарати, “Дефибилятор”, портатив ЭКГ аппаратлари ва “Электро” сўрғич аппаратидан иборат. Бундан ташқари тиббий сумка ҳам мавжуд бўлиб, унда ларингоскоп, катетерлар, зонт, “жани” шприцлари, диагностик фонарча мавжуд бўлиб, улар чақалоқлар, ўсмирлар ва катталарга тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўладиган тиббий буюмлар жамланмасидан иборат. Бир сўз билан айтганда тез тиббий ёрдам бўлими ходимлари ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндошиб, аҳолига намунали тез тиббий хизмат кўрсатишни мақсад қилишган.
Тўлқин НУРАЛИЕВ.