(ҳаётий эртак)
Ҳаммамиз бугун мактабда ўқиб, ўқитувчиларнинг берган саволларига жавоб бериб кузатар эканмиз, устозларнинг хурсанд бўлиб ўқувчи кундалигига “5” баҳо ва имзо қўйганини кўп бор кўрганмиз. Аммо ўқувчининг ўз ўқитувчисига энг юқори баҳо бериб, имзо чекканини ҳеч кўрганмисиз?
- Йўқ, - дейсизми?
Тўғри.
Лекин... бундай ҳолат ҳаётда камдан-кам ва юз йилларда бир бўлиб қолиши мумкин экан. Масалан, мен ҳам бундай ўқувчининг ўз ўқитувчисига баҳо беришини шу пайтгача кўрмаган эдим. Энди кўриш мумкин эмиш, чунки замон ўзгарди, технология ўзгарди, маънавият ўзгармагандир.
Илгарилари уларни эшитсак, эртак эшитгандек бўлардик. Мен ҳам бу ҳаётий эртакни илк бор талабалик йилларимда бир домладан эшитганман.
Уни айтган домла ҳам нима сабабдандир ички бир ҳадик билан, эртак қилиб, мана шундай айтган эди:
“Бир бор экан, бир йўқ экан, ўтаётган асримизнинг олтмишинчи йилларида еримизнинг катта бир қуруқлигида, бир-бирига қўшни икки мамлакат бўлган экан. Уларни бир-биридан дунёдаги энг баланд тоғ ажратиб турар экан.
Улардан бири ўша қуруқликнинг шимолида бўлиб, у дунёдаги энг Катта мамлакат экан. Иккинчиси эса тоғнинг нариги томонидан (жанубида) бўлиб, унинг аҳолиси шунчалар кўп эканки, бу борада фақат Чин мамлакатидан кейин тураркан. Шунингдек, иккинчи мамлакат бир вақтлар дунёда тенгсиз бой бўлиб, уни узоқ йиллар бир Буюк давлат мустамлака қилиб, шу йилларда у мустақил бўлган экан. Кунлардан бир куни энди мустақил бўлган мамлакат Бош вазири Катта давлат подшосидан ёрдам сўрайди. Ёрдам шу-ки, “бизда ҳам темирчилик заводи бўлса” деб (сўраган экан).
Подшо рози бўлибди. Чунки, Подшо кўп йиллардан бери у мамлакатни кузатиб, ўз йўлидан юрадиган давлат бўлишини ич-ичидан истар эди. Шундай кунларда темирчилик заводи учун керакли жиҳозлар ортилган карвонга бош бўлиб Подшонинг ўзи ҳам дўст мамлакатга меҳмон бўлиб келибди.
Подшо келиб қарасаки, ҳали заводнинг жойи тайин эмас. Вазирнинг боши қотган. Ноилож Вазир Подшодан “заводни қаердан қурган маъқул”, деб маслаҳат сўрабди.
Подшо ўзича ўйланган киши бўлиб, саволга жавоб сифатида металлургия заводи учун жой танлайди.
У харитага қараб, металлургия заводи учун энг зарур темир конига ёқилғи (кўмир кони)га, сув (дарё)га ва атроф-муҳитга энг кам зарар етказадиган (шамолларга тескари) жойда қурилиши керак” деган қонуният асосида, хом-ашёлар ўртасидан жой кўрсатган экан.
Завод ўша Подшо кўрсатган жойда қурила бошлабди. Кунлар кетидан кунлар ўтибди.
Ўз юртига қайтган Подшонинг боши қота бошлабди. Чунки, заводга жой танлашда нималарга эътибор бериш кераклигини у қаердан ва кимдан ўрганганлигини қанча ўйламасин, ҳеч эслай олмас эди.
Устига-устак, орадан бир йил ўтар-ўтмас, Бош вазирдан “завод учун энг қулай жой танлаб берганингиз учун” мамлакатимиз ундан жуда катта иқтисодий фойда кўраяпти, булар эса фойдадан бир улуш” деган маънода Подшога жуда кўп совға-салом юборади.
Буни кўрган Подшо баттар ўйга ботади. Савол битта, у ҳам бўлса “мен металлургия заводига жой танлаш қонуниятини қачон ва кимдан ўрганган эдим?” деб ўйлар эди.
Ўйлай-ўйлай кейин эсласа, унга бу сабоқни қишлоқда ўқиб юрганида мактаб география фани ўқитувчиси айтгани эсга тушиб қолади. Шунда Подшо барча мулозимларига ўша қонуниятни айтган (география фани) домласини қаерда бўлмасин, тирик бўлса тириклайин тезда топиб келишни буюради. Ҳамма навкарлар катта мамлакат бўйлаб домлани излаб кетади. Улар сўраб-суриштириб, охири домлани топади.
Қарасаки ўша домла мамлакат пойтахтидаги энг олий мактабда, орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, география фанидан ёш талабаларга “иқтисодий географик қонуниятлар”ни ўргатиб юрган экан. Домлани мулозимлар тезда Подшо ҳузурига олиб келади. Подшо домласини дарров танийди. Домла ҳам Подшони эслайди. Шундан сўнг Подшо ҳеч иккиланмасдан домласига ўша бир вақтлар ўргатган бир оғиз сўзи (сабоғи) учун раҳматлар айтиб, мамлакатнинг энг юқори унвони (Меҳнат қаҳрамони) билан тақдирлаб, Олтин Юлдуз нишонини ўз қўли билан домласининг кўксига тақиб қўяди. Шундан сўнг улар хурсанд бўлишиб, ўз ишларига қайтади.
Аслида бу ишнинг қавнчалик тўғри ва энг юқори баҳоларга лойиқ эканлигини улуғ шоиримиз Алишер Навоий:
Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф ўргатмиш ранж ила,
Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила, деб баҳолагани бежиз эмас.
Кейин билсам, бу воқеа тарихда бўлган экан. Шундан сўнг уни ҳаётга далиллар билан таққослаганимда янада ойдинлашди.
Аслида бу воқеа ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида собиқ Иттифоқ давлат бошлиғи Н.С.Хрушев, Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Ж.Неру, география фанлари доктори, МДУ профессори Н.Н.Баранский ва Ҳиндистонда ҳозир ҳам ишлаб турган Бхилаи металлургия заводи қурилиши билан боғлиқ бир гап бўлгани рост экан.
Яна бир гап. Бу ерда Н.С. Хрушев тўғрисида гап кетганда “ҳар ёмоннинг бир яхши томони бўлади” деб танқидий кўзда қараш керак. Шунда тарихий воқеанинг турли ривоятлардан фарқи ойдинлашади.
Бу дунёда кимдир Ҳоким, кимдир Вазир ва яна кимдир Сенатор бўлади. Уларнинг Устози эса ҳамон (орадан 60 йил ўтса ҳам) ўша-ўша, бир оғиз ширин сўзнинг гадоси, ёш болалар ичида яшнаб юравериб ўзи ҳам ёш бола бўлиб қолган муаллим.
Фақат ўтган йиллар ва баъзи ноқобил шогирдларнинг жамиятга ва ўйламасдан унга нисбатан қилган бетгачопарлик ёки орқадан иш қилгани ўз таъсирини кўрсатган. Шу сабабли кўксига ушлаб-ушлаб, устоз эришган ютуғидан қувониб, отанг каби фахрланиб юрадиган яна бир зот бу оддий ўқитувчингдир.
Бу дунёда кимдир Ҳоким, кимдир Вазир ва яна кимдир Сенатор бўлади. Уларнинг Устозлари эса ҳамон ўша-ўша бир ширин сўзнинг гадоси, ёш бола бўлиб қолган, фақат ўтган йиллар бироз ўз таъсирини кўрсатган, бизлар эришган ютуқлардан қувониб, фахрланиб юрадиган оддий ўқитувчи...
Сафарали ЖАЛИЛОВ,
13-умумтаълим мактаби география фани
олий тоифали ўқитувчиси,
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси.