Кўп йиллар давомида самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан Яхшимурод ака Султонов уйида тинч ўтиролмади. У 10 йилдан буён ўзининг 10 сотихли томорқасида деҳқончилик қилиб келмоқда.
- Томорқамизнинг 5 сотихи узумзор, 5 сотихи боғдан иборат, - дейди Яхшимурод ака биз билан суҳбатда. - Боғ ва узумзор Фарғона вилоятининг Олтиариқ тумани усуллари асосида ташкил этилди. “Қимирлаган қир ошар” деганларидай олтиариқликлар усулини интернет тармоқлари асосида ўргандим. Турли навли узум ва мевали дарахтлар кўчатларини водийлик курсдошим Саиджон Маликов етказиб берди. Айни пайтда томорқамизда Ризамат ота, Қора кишмиш, Қора мерседес каби узумларнинг 11 хил навлари қаторида нок, олма, анор, анжир, шафтоли, ўрик, хурмо каби мевали дарахтлар ҳам парвариш қилинмоқда. Томорқа ишларида невараларим Шаҳриёр ва Муҳаммаджонлар яқиндан ёрдам беришмоқда. Уларга боғ ва узумзорларни парваришлаш сирларини ўргатаяпман.
Булардан ташқари Яхшимурод ака кўчатчиликни ҳам йўлга қўйган. Айни пайтда 10 хил навли узумларнинг 3000 туп кўчати тайёр.
- Шу томорқадан ҳар йили ўртача 21 миллион сўм даромад қилаяпмиз, - дейди Яхшимурод ака. - Шунинг ҳисобидан уйларни замон талаблари асосида таъмирладик, тўйлар қилдик.
- Яхшимурод аканинг оиласи маҳалламизнинг энг намунали оилаларидан бири, - дейди Гулзор МФЙ раиси Абдусалом Эрназаров. - Оила аъзоларининг ҳаммаси меҳнаткаш, одобли, маданиятли. Уларга ҳамманинг ҳаваси келади.
Раббим ҲОТАМОВ.