Судланувчи Дилшод Очилов бирор-бир ижтимоий фойдали меҳнат фаолияти билан шуғулланмасдан, танишлари Азамат Умурзоқов ва Ғулом Раҳимов билан биргаликда “Янгиариқ” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи “Булунғур” канали бўйига бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилишади. Дилшод ва Азамат маст ҳолатда оғзаки тортишиб қолишади ва иккаласи ҳам даҳанаки олишиб, ерга йиқилади. Дилшод Азаматдан ёнидаги пулларини чиқариб беришини талаб қилиб, уни қийноққа солади. Оёғини қайириб, чўнтагидаги 350.000 сўм пул ва баҳоси 240.000 сўмлик “Sony Ericsson LT15i” русумли телефонини талон-тарож қилади. Шундан сўнг, Азамат оёғи оғриётганини айтиб, баланд овозда бақиради. Дилшоднинг қўлидан чиқиб, ҳимояланиш учун ўзини сувга ташлайди. Дилшод яна унга ташланиб, таъқиб қилади ва сувга қарата тош ота бошлайди. Бу воқеани кузатиб турган Ғулом судда гувоҳ сифатида қатнашиб, четроқда балиқ тутиш мақсадида сувга қармоқ ташлаб ўтиргани, жанжалнинг жиддий тус олганини тушунмай қолгани ва йўқолган пул ҳамда телефон аппаратидан мутлақо бехабар экани ҳақида кўрсатма берди.
Азаматнинг турмуш ўртоғи ҳам судда гувоҳлик бериб, унинг уйига биринчи эрининг таниши Дилшод келиб, олинган нарсаларни ташлаб кетгани, кейин эса эри оқсоқланган ҳолда кириб келгани ва бўлган воқеани айтиб бергани ҳақида маълум қилди. Улар тез ёрдам чақириб, суд тиббий экспертизасидан ўтишганида бир оёғи сингани, майда суякларида ҳам чиқиш, қайрилиш каби саломатликка салбий таъсир этувчи ҳолатлар мавжудлиги аниқланган.
Барчаси инобатга олиниб, тегишли ҳукм хулосаси ўқиб эшиттирилди. Унда Д. Очиловга нисбатан 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани, ҳар ойда ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида давлат даромадига ушлаб қолиниши каби жазо белгиланган. Ўша куни ичкилик ва унинг оқибатида жанжал бўлмаганида эди, Азаматнинг оёғи синиб, шикастланмаган, Дилшод эса ана шундай жазога тортилмаган бўларди.
Рауф МИРЗАЕВ,
туман прокуратураси терговчиси.