Дастлаб, телевизор яратилганда уни мўъжизадек қабул қилишган. Бугунги кунда ўша “қутича” ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган ва одамларга завқ улашмоқда. У айниқса уй бекалари учун қизиқарли эрмакдир. Вақтимизни чоғ этса-да, турли хил иллатларни ҳам “улашиб” келмоқда. Хўш, бундай иллатлар қайсилар?
Сериаллар инсонларнинг ҳаётига ҳам салбий таъсир этаётгани кишини ўйлантиради. Ёмғирдан кейин кўпайиб кетадиган қўзиқорин сингари сериалларнинг четдан ёпирилиб келиши ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. Ачинарлиси, бу каби сериалларни оилавий интиқлик билан кўришади. Кўча-кўйда иш билан юрган одамлар ҳам унинг бошланишига етиб бориш учун шошишади. Унда акс эттирилаётган воқеаларга келсак, менталитетимизга зид келадиган саҳналар ҳам йўқ эмас. Арзимас кўринган бу ҳолат ёшлар нигоҳида оммавий маданиятнинг шаклланишига олиб келиши мумкин. Бола тарбиясидан нолишга тушаётган ота-оналарнинг аксарияти оммавий ахборот воситаларининг мана шу томонига эътибор қаратсалар яхши бўлармиди.Мисол учун, “Сенга ошиқман”, “Бахт қасри”, “Қалбим ўғриси”, “Келин” каби сериаллар аввалига томошабинга қизиқарли туюлса-да, бироқ воқеалар ривожи жудаям чўзилиб кетгани ва бўрттириб юборилиши кейинчалик томошабинни зириктира бошлайди. Ҳайратланарлиси - бу каби сериаллардан олинадиган “маънавий озуқа” нима эканини билмай қоласан киши. Кўпчилик кинолар севги-муҳаббат мавзусида яратилмоқда. Ҳозирги глобаллашув жараёнида янги ғоялар, янгиликларга эҳтиёж ҳам, талаб ҳам юқори. Шу аснода эскилик сарқитидан йироқ бўлиб янги ва долзарб мавзудаги сериаллар тақдим этилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Масалан, ижтимоий, сиёсий ҳам маънавий ривожланишга кўмаклашувчи фильмлар барчага бирдек керакли мавзу десак адашмаган бўламиз.
Тарихий мавзу асосида ишланган фильмлар кишиларни мозийни ўрганишга бўлган иштиёқини орттиради ва аждодларимиз тўғрисидаги тасаввурини кенгайтиради.Бирор бир тарихий сиймонинг фақатгина олиб борган иш фаолиятини эмас, балки ҳаёт тарзи ҳам ёритилса қизиқарлироқ чиқарди. Ахир уларнинг ҳам орзулари, ўзига яраша армонлари бўлган-ку...
Сериалларнинг салбий жиҳатларига тўхталар эканмиз, экрандаги лавҳалар турмушимизнинг узвий қисмига айланиб қолмаслиги, маънавиятимиз жиловини четдан кириб келаётган унсурларга тутқазмаслигимиз кераклигини унутмайлик.
Шаҳрибону УМИРБОЕВА,
ЎзМУ қошидаги С. Сирожиддинов номли
академик лицейнинг 3-босқич ўқувчиси.