Ўқитувчиликка ҳавас менда ёшлигимда, мактаб остонасига илк қадам қўйган пайтларимдан бошланган. Ушбу касбга астойдил ихлос қилганимдан мана, 28 йилдан буён мактабимизнинг бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бериб келаман. Касбимни яхши кўраман. Шу боисдан ҳам ёш болажонлар билан ўтадиган ҳар бир дарс жараёнини қизиқарли ва ёш болалар учун тушунарли тарзда олиб бориш учун оддий усулда ўтишга ҳаракат қиламан.
Болалар қизиқувчан ва тез ўзлаштириш қобилиятига эга. Шу боисдан ҳам улар билан кечадиган ҳар бир жараённи амалий ва очиқ ҳолда ўтишга ҳаракат қиламан. Кўпинча дарсларни янги педагогик технологиялар асосида, ақлий хужум, кластер усуллари ва компьютер ёрдамида очиқ дарслар ўтаман. Айрим ҳолларда болаларга тушунарли бўлиши учунэртаклар, кинолар асосида, мультимедиа ўйинлари орқали ҳам тушунтириб бораман. Ўтган йили пандемия туфайли карантин чекловлари жорий этилганда ҳам бошланғич синф ўқувчилари онлайн дарсларда фаол иштирок этишди.
Таълим соҳасида қилаётган меҳнатларим бесамар кетмади. Очиқ дарслар бўйича ўтказилган кўрик-танловда 2006 йилда туманимиз бўйича биринчи ва вилоятда иккинчи ўринга муносиб топишди. 2016 йилда туман Аттестация комиссиясининг “Бошланғич таълим биринчи малака тоифаси”га эга бўлдим. Мақсадим келгусида ҳам ёш ўқувчиларимнинг теран фикрловчи, фаол ва аълочи бўлиб, Ватанимиз равнақи учун муносиб ҳисса қўшадиган фидойилар бўлишини таъминлашдир.
Муҳаббат АЧИЛОВА,
23-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.
23-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси.