Мамлакатимиз ҳаётидаги унутилмас тарихий воқеа – юртимизда биринчи бор ташкил этилган Ўзбекистон ёшлари форуми ғоят кўтаринки ва амалий руҳда бўлиб ўтди
Барчангиз яхши биласиз, давлатимиз раҳбари, ҳурматли Президентимиз томонидан ёшларга жуда катта эътибор қаратилмоқда, Хусусан, жорий йилнинг 25 декабрь куни Тошкент шаҳридаги “Ҳумо” аренасида давлатимиз раҳбариниг Республика ёшлари билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда ёшлар сиёсатида 2021 йилда амалга оширилиши керак бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Жумладан, 2021 йилда:
- Савдо-саноат палатаси, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида палатанинг ҳудудий ўқув марказларида уюшмаган ва ишсиз ёшларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитишни ташкил этилади;
- “Ҳунарли киши хор бўлмас”, дейди халқимиз. Шу боис, ҳудудларда “Устоз - шогирд” анъанаси янада кучайтирилади;
- туманларда “Ёшлар кичик саноат зоналари” ташкил этилади. Бундан ташқари, кичик саноат зоналарида ишлаб чиқариш бинолари қурилиб, ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади;
- Тижорат банкларининг ҳудудларда фаолият бошлаган “Лойиҳалар фабрика”лари ёшларимизнинг илғор ғоялари асосида лойиҳавий таклиф ва бизнес-режаларини тайёрлаб беради;
- Ёшлар лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги қошида алоҳида жамғарма ташкил этилиб, ушбу жамғармага 100 миллион доллар маблағ ажратилади;
- Ёшлар, айниқса, уларнинг уюшмаган қатлами билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи “Ёшлар мурожаати” электрон платформаси яратилади;
- “Микрокредитбанк” касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиб, сертификат олган ёшларга имтиёзли фоизларда микрокредитлар ажратиш чоралари кўрилади. Бундай кредитлар 3 йил имтиёзли даври билан 7 йил муддатга берилади. Банк томонидан ушбу мақсадлар учун келгуси йилда 45 миллион долларлик микрокредитлар ажратилади;
2021 ўқув йилидан бошлаб ёшларимизнинг нуфузли хорижий олийгоҳларда таҳсил олиши учун ҳар томонлама кўмаклашишга алоҳида эътибор қаратилади. Жумладан, халқаро таълим дастурлари бўйича энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади;
-туманда 5 нафаргача ёшларни маданият ва санъат олийгоҳларида маҳаллий бюджет ҳисобидан ўқитади. Келгусида уларни ўз ҳудудида уй-жой ва мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш чораларини кўради;
-туман ҳокимига 10-15 нафар истеъдодли ёшларни саралаб, уларни ҳар томонлама тарбиялаш ва мунтазам рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси топширилади;
-яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг нафар ёшлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилади;
-ёшларимизнинг лидерлик қобилиятини кучайтириш, уларнинг фаоллигини ошириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш учун “Камалак юлдузлари”, “Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси”, “Йил сардори” каби кўрик-танловларни ўтказиш мақсадга мувофиқ бўлади. Шунингдек, олий ўқув юртлари ўртасида “Талабалар фестивали”, “Интеллектуал ўйинлар ҳафталиги”, “Йил талабаси” сингари кўрик-танлов ва мусобақаларни ўтказиш уларнинг интеллектуал салоҳиятини ва ташкилотчилик қобилиятини янада юксалтиришга хизмат қилади;
-кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёшлар учун Президент гранти жорий этилади. Агар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант талаба ўқишни битиргунига қадар, яъни, тўрт йил давомида тўлаб борилади.
-илм йўлини танлаган иқтидорли ёшларимизни қўллаб-қувватлаш мақсадида кейинги йилдан бошлаб магистратура ва докторантура босқичлари учун Президент стипендияси квотасини икки баробарга оширамиз;
-кейинги йилдан бошлаб 2 ва ундан ортиқ фарзанди олий ўқув юртида шартнома асосида ўқиётган оилаларга имтиёзли таълим кредити бериш тартиби ишлаб чиқилади. Бунда кредитни ўқиш даври тугаб, ёшларимиз ишга жойлашгандан сўнг қайтариш назарда тутилади;
-бундан ташқари, 2021 йилдан бошлаб ёшлар ўртасида ҳар йили “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Ушбу синов талабларини бажарганларга спорт разрядлари берилади, муддатли ҳарбий хизматга бориш ва “Темурбеклар мактаби”га киришда имтиёзлар жорий этилади;
IELTS, TOEFL, GMAT VA SAТ каби имтиҳонларда максимал баллнинг камида 75 фоизини тўплаган ёшларнинг имтиҳон харажатлари тўлиқ қоплаб берилади;
-шаҳар ва туман ҳокимлари, сектор раҳбарларига, ҳар бир ҳудуд ва соҳа кесимида “Ватанпарвар” ташкилоти базасида ёшларни меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касбларга ўқитиш вазифаси топширилади;
-ёшлар билан ишлаш Президентдан тортиб вазиргача, ҳокимдан тортиб маҳалла раисигача – ҳаммамизнинг энг асосий ишимизга айланиши зарур, -дея таъкидлади Президентимиз.
Яна бир қувонарли жиҳати, 2021 йил номини ҳам ёшларга қаратиб - “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб белгилангани ёшларимизга янада кенг йўл очиб беради, десак муболаға бўлмайди. Давлатимиз раҳбари ёшларни Ватанимизнинг энг катта бойлиги ва бебаҳо хазинасига қиёслагани, мард ва фидойи ёшларимизнинг синовли кунларда кўрсатган мардлиги ва жасоратини юксак эътироф этгани бизни ниҳоятда руҳлантирди.
Айни пайтда, Юртбошимизнинг ёш авлодга улкан ишончи, эътибор ва ғамхўрлиги зиммамизга жуда катта масъулият юклади.
Барчангиз гувоҳсиз, сўнгги йилларда мамлакатимизда, янги Ўзбекистонда ёшларга муносабат бутунлай ўзгарди.
Ёшларга доир давлат сиёсати асосида ёш авлоднинг ҳаётий манфаатларини таъминлаш, уларнинг эзгу орзу-интилишлари, қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқаришга қаратилган ислоҳотлар изчил ва самарали амалга оширилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ёшларга қаратаётган бундай эътиборидан барчамизғурур ва ифтихор туйғуси билан яшашимиз, берилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишимиз зарур.
Камолиддин ҒАППАРОВ,
Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги
Булунғур туман бўлими бошлиғи.