Маълумки, яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида “Ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси” юзасидан видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди. Ёшлар масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида ишсизларни касбга ўқитиш, олий таълим муассасалари ва йирик саноат тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Ишсизликни камайтириш мақсадида ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш вазифаси қўйилди. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қобилиятини юзага чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича топшириқлар берилди.
Ушбу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида туманимизда ҳам муайян ишлар қилинмоқда. Хусусан, жорий йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш ва 8 та йўналиш бўйича чора-дастурлар ишлаб чиққанмиз. Ҳар бир йўналиш бўйича бугун туманимиздаги мавжуд ҳолат қандай ва ушбу дастур амалга оширилгандан сўнг қандай натижаларга эришишимиз мумкин?
Ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб этиш ва касб-ҳунарга ўргатиш йўналишидаги бугунги мавжуд ҳолат қуйидагича:
Туманда жами аҳоли сони - 188.704 нафар бўлиб, шундан 0-30 ёшгача - 96.576 нафар, 18-30 ёшгача - 32.032 нафарни ташкил этади. Шундан, бугунги кунда норасмий секторда - 18.766 нафар (58 %), расмий секторда - 4.077 нафар (12.7%) ёшлар иш билан банд. Хорижга ишлаш учун чиқиб кетганлар - 2.897(9%)нафар, бошқа вилоятда яшаётган ёшлар - 1.119нафар (3.3 %) муддатли харбий хизматни ўтаётганлар – 150 нафарни (0.003%), олий таълим муассасаларида таҳсил олаётганлар - 1.337 нафарни (3.3 %) ташкил қилади. Жами 3.245нафар мактаб ва коллеж битирувчиларининг 384 нафари (11.8%) олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, 1.439 нафарининг (44.3%) бандлиги таъминланган, 1.422 нафарининг (43.8%) бандлиги таъминланмаган. Бугунги кунда туманда жами банд бўлмаган ёшлар 4453 нафарни (13,9%) ташкил этади.
Дастуримиз ижросини таъминлаб йил охирига бориб, қуйидагича натижага эришамиз. Туманда жами 2978 нафар (ишсиз ёшларнинг 66.8 фоиз) ёшларнинг бандлигини таъминлашга эришилади ҳамда 2 272 нафар ёшларнинг фаолияти расмийлаштирилади. Жумладан: 702 нафар ёшлар бўш иш ўринларига ишга жойлаштирилади, қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига (кооператив) ИЧКга аъзолик бадалларини тўлаб бериш орқали 24 нафар, кам таъминланган ёшларга субсидия ажратиш орқали шахсий томорқа хўжалигида, шу жумладан, иссиқхона қуриб бериш, суғориш воситалари, кўчат ва уруғ билан таъминлаш ҳисобига 46 нафар, вақтинчалик хақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш орқали 459 нафар, касб-ҳунарга ўқитиш орқали 288 нафар, янги ташкил этиладиган кичик бизнес субъектларига ёшларни жалб қилиш орқали 246 нафар, ёшлар меҳнат гузари лойиҳаларини амалга ошириш натижасида 17 нафар, 2021 йил шакллантирилган инвестиция лойиҳаларида 315 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган.
“Ёшлар дафтари”га киритилган 600 нафар тадбиркорликка ўқиб сертификат олган ёшларга имтиёзли фоизларда 7 млрд. 900 млн. сўм миқдорида кредит ажратиш орқали, “Ҳар бир ёшга бир гектар” лойиҳаси асосида 200 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланади. Бундан ташқари, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида 81 нафар ёшлар Савдо-саноат палатаси ўқув марказларида касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилиб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига кўмаклашилади.
Ёки: “Ёшларни мусиқа, рассомчилик, театр ва санъатнинг бошқа турларига бўлган қизиқишларини ошириш орқали истеъдодини чиқариш” йўналиши бўйича мавжуд ҳолат:
Туманда 5 та Маданият маркази, 2 та Мусиқа ва санъат мактаби, 25 та маданий меърос объектлари мавжуд. Марказлардаги 29 та тўгаракка 828 нафар, Мусиқа ва санъат мактабларидаги 25 та тўгаракка 850 нафар, шунингдек, 69 та умумтаълим мактабларидаги 35 та тўгаракка 5650 нафар ёшлар жалб этилган. Туман Маданият бўлими (А.Исоқов) тўгараклари жами 57 та мусиқа асбоблари билан таъминланган. Туман ҳокимлиги томонидан мусиқа тўгаракларини самарали ташкил этиш учун жами 116 та мусиқа асбоблари олиб берилган бўлиб, шундан - 66 та рубоб, 27 доира, 33 дутордан иборат. Бундан ташқари, туманда 1 та Фозил Йўлдош уй-музейи мавжуд. Шунингдек, 1 та Маданият ва истироҳат боғи мавжуд бўлиб, таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Агар биз, ижтимоий соҳа ходимлари зиммамизга юклатилган вазифаларни кўрсатилган муддатларда ижро этсак, йил охирига бориб қуйидаги натижага эришамиз:
Туман Маданият маркази моддий-техник базасини яхшиланади. Умумтаълим мактаблари учун 100 та мусиқа-чолғу асбоблари ажратилади. Натижада, қўшимча 3 500 нафар ёшларни жалб этиш учун имконият яратилади. 69 мактабда “Ёшлар ҳафталиги” фестивалини ташкил этиш орқали ёшлар учун кўнгилочар тадбирлар, фестиваль ва кўрик-танловларни ташкил этиб боришга шароит яратилади. Қадриятларимизга ҳурмат ва ёшларда ғурур туйғуси шакллантирилади. “Момолардан олган сабоқларим” номли номоддий-маънавий меърос ижрочилари кўрик-танлови ўтказилади. “Миллий халқ ўйинлари” кўрик-танлови ташкил этилади. “Шапито болалар цирки” ташкил этилади. Тумандаги “Соҳибкор” МФЙ марказида Ўлкашунослик музейи ташкил қилинади. Туманда маданият ва санъат соҳасида алоҳида ютуқларга эришган 5 нафар ёшлар маданият ва санъат олийгоҳларида ўқитилади. 15 нафар иқтидорли ёшлар туман ҳокимига бириктирилиб, иқтидорлари қўллаб-қуватланади. Амалга ошириладиган ишлар натижасида ёшларни маданият ва санъатга жалб қилиш қамрови 25 500 нафарга етказилиб, 28,5 фоизга оширилади.
Туманимизда ёшларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини рўёбга чиқариш, уларни жисмоний чиниқтириш ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келаяпмиз. Туманда 2 та Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мавжуд бўлиб, унда 13 та йўналишдаги тўгаракларга 1305 нафар, умумий ўрта таълим мактабларида 210 та тўгаракка 9330 нафар ёшлар қамраб олинган. Шунингдек, туманда 26 та хусусий сунъий қопламали майдончаларда 2000 нафар ёшлар спортнинг футбол тури билан шуғулланмоқда. Туман ҳудудида 2 та хусусий фитнес клубларида жами 300 дан зиёд ёшлар шуғулланмоқда. Туман бўйича жами ёшлар қамрови 12 935 нафар (13,1 фоиз)ни ташкил этади.
Мактабларни спорт жиҳозлари билан таъминлаш орқали 21 та тўгарак, 9 та маҳаллада спорт майдончалари фаолияти йўлга қўйилиб, жами 18 500 нафардан ортиқ ёшларнинг спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратилади.
Ёшлар ўртасида спорт тадбирлари ва ҳарбий-спорт мусобақаларини ўтказиб бориш орқали уларни I-IVчоракдаспорт билан шуғулланишлари учун шароит яратиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш тизимли яратилади. “Саломатлик йўлаклари”ни ташкил қилиш орқали аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга эришилади, 15 та спорт турлари бўйича туман чемпионатлари ҳамда “Ҳоким кубоги” спорт мусобақалари ташкил этилади. 55 та маҳаллада ҳарбий қисмлар билан ҳамкорликда ҳарбий ватанпарварлик тадбирларини ўтказиш орқали 5 000 нафар ёшлар ватанпарварлик руҳида тарбияланади. “Соғлом ҳаёт сари 5 000 қадам” шиори остида оммавий юриш тадбирларини ташкил этиш натижасида ёшларга спорт билан шуғулланиш тарғиб қилинади ва спортга қамраб олинади. “Қўл тўпи ва Бокс” спорт турларига ёшлар кенг жалб этилади. Бошланғич синф ўқувчилари ўртасида “Қувноқ стартлар” спорт мусобақасининг туман босқичини ўтказиш орқали бошланғич синф ўқувчилари ҳам спортга жалб этилади. Амалга ошириладиган ишлар натижасида ёшларни спортга жалб қилиш қамрови 28 000 нафарга етказилиб, 28,3 фоизга оширилади.
Шунингдек, иш режамиздаги бошқа “Ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, медия саводхонликни ривожлантириш”, ёшлар маънавиятини юксалтириш, кутубхоналар ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш, ёшларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни илм-фанга кенг жалб этиш, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар инфра тузилмасини ривожлантириш йўналишларида ҳам аниқ мақсадларни белгилаб олганмиз. Ишончим комилки, йил охирига бориб ёшлар билан ишлашнинг янги тизими ўз самарасини беради.
Бекзод ИЛЬЧИЕВ,
туман ҳокимининг Ёшлар сиёсати, ижтимоий
ривожлантириш ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича ўринбосари.