Статистик маълумотларга қараганда, мамлакатимиз аҳолисининг 30 фоизини 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган йигит-қизлар ташкил этади. Бу ёшларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун эса юртимизда барча шарт-шароитлар яратилган. Бундан ташқари, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишларини ташкил этиш, маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини сингдириш, ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш ишларига эса катта эътибор қаратилмоқда. Бу ёшларга бўлган эътибор ва эътирофдан туманимиз ёшлари ҳам баҳраманд бўлмоқда дея бемалол айта оламиз.
Давлатимиз раҳбарининг шахсан ташаббуслари билан жорий қилинган “Бешта муҳим ташаббус” ижросини таъминлаш мақсадида бизнинг туманда ҳам турли кўрик- танлов, тадбирлар ташкил этилмоқда. Бугун қилинаётган ишлар, кўрсатилаётган амалий кўмаклар натижаси ўлароқ, олис-олис маҳаллаларимиз ёшлари хаётида ҳам улкан бурилишлар бўлмоқда. Биргина мисол ёшларимизнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, истеъдод ва қобилиятини номоён қилишларига кўмаклашиш мақсадида шу йилнинг апрель-июнь ойлари давомида беш босқичли маҳалла-сектор-туман-вилоят-республика даражасидаги “Беш ташаббус олимпиадаси” ташкил қилинди.
Модомики, ушбу ташаббус ёшларнинг мусиқа, рассомчилик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини ошириш, истеъдодларини юзага чиқаришга қаратилган ташаббусдир. Бу олимпиада доирасида туманимиз миқёсида 7 турдаги спорт мусобақаларига 15.748 нафар ёшлар жалб этилди. 4 турдаги китобхонлик тадбирларига эса 5.710 нафар, 5 турдаги маънавий-маърифий тадбирларга бўлса 7.410 нафар ўғил-қизларимиз иштирок этди. Бундан ташқари, ИТ соҳасидаги танловларимизга 1.160 нафар, жами 30.021 нафармаҳаллалардаги ёшлар қамраб олинди.
Ташкил қилинган тадбир ва танловларимиз самараси ўларо, ёшларимиз Республика миқёсидаги турли мусобақаларда иштирок этиб, туманимиз шаънини юксакка кўтармоқда. Биргина мисол, “Ёш китобхон” ва “Мушоира” танловларининг Республика босқичида иштирок этган “Элобод” маҳалласида истиқомат қилувчи Маржона Турсунмуродова исмли қизимиз “Ёш китобхон” кўрик-танловида 3-ўринни қўлга киритиб, туманимиз ёшларига қаратилаётган эътиборнинг натижасини кўрсатди. “Чангал 1” маҳалласида истиқомат қилувчи тумандошимиз Санжар Тошбеков эса 2-ўринни қўлга киритиб, бизни қувонтирди десак хато бўлмас.
Бундан ташқари, “Ёшлар овози” кўрик-танлови ҳамда шашка спорт мусобақаларининг республика босқичида иштирок этган “Соҳибкор” маҳалласида истиқомат қилувчи Фирдавс Суюнбоевва “Янгиқўрғон” маҳалласида доимий рўйхатда турувчи Умида Сулаймонова муносиб иштирок этди. Жамовий иштирок этиладиган танловлардан бири ҳисобланган “Заковат” интелектуал ўйинларида эса “Янгиқўрғон” маҳалласи ёшлари муносиб иштирок этди. Бундан ташқари, Киберспорт мусобақасининг вилоят босқичида иштирок этган “Булунғур” маҳалласи ёшлари 2-ўринни қўлга киритиб, биз ва биз каби барча тумандошларимизни мамнун қилди, дея бемалол айта оламиз.
Спортнинг яна бир тури ҳисобланмиш футбол спорт мусобақаси бўйича туманимиз ёшлари фаол, дея айта оламиз. Дейлик, “Чангал 1” маҳалласида истиқомат қилувчи йигитларимиз “ДХХ раиси кубоги” учун ўтказилаётган спорт мусобақасининг вилоят босқичида 1-ўринни қўлга киритиб, шу кунларда Республика босқичига тайёргарлик кўрмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, туманимиз ёшлари ҳар жабҳада фаол. Биз ҳам уларга кўмаклашувчи, ёрдам кўрсатувчи ташкилот сифатида уларни қўллаб-қувватлашдан чарчамаймиз.
Камолиддин ҒАППАРОВ,
Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи.