Мўминжон АБДУЛЛАЕВ – Жакартадаги Осиё ўйинларида барча рақибларидан устун келиб, юнон-рум кураши бўйича ғолибликни қўлга киритди ва олтин медаль соҳиби бўлди.
Маҳорат – машаққатли меҳнат эвазига эришиладиган неъмат. Бу фикрни ҳамма соҳалардаги маҳорат эгалари тан олади. Чунки, барча қийинчиликларни енгиб ўтиш орқали билим, куч ва иқтидорини ўстириб борган инсонгина ана шу неъматга сазовар бўлади. Аксинча, машаққатларга чидай олмай, енгил йўл излаганлар маҳорат мевасидан бебаҳра қолаверади. Юнон-рум кураши бўйича Индонезияда ўтаётган Осиё ўйинларида чемпионлик шарафига сазовар бўлган Булунғур фарзанди Мўмин Абдуллаев ҳам ҳақиқий маҳоратли полвон эканлигини амалда намойиш этди – Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилиб, терма жамоамизга олтин медални туҳфа этди.
Юнон-рум кураши бўйича илк маҳорат сирларини 6 ёшидан бошлаб устозлари – Булунғур туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби мураббийлари Шароф Маматқулов ва Раббим Ташановдан ўрганиб, мактаб ўқувчиси бўлган даврларидан бошлаб туман, вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритган эди. Сўнгра Самарқанд шаҳридаги Олимпия заҳиралари спорт коллежида таҳсилни давом эттириб, кураш сирларини янада мукаммал эгаллай бошлади.
Мўминжоннинг болалик даври мунтазам ўқиш, спорт сирларини ўрганиш ва маҳоратини ўстириш билан кечди, - дейди чемпионнинг онаси Мақсуда опа. - У мамлакатимиз миқёсида юнон-рум кураши бўйича ўтказилган мусобақаларда бир неча марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. Бундай муваффақиятларига рағбат сифатида эса Тошкент жисмоний тарбия институтига имтиёзли асосда ўқишга кириш ҳуқуқини берувчи йўлланма билан тақдирланди. Унинг қўлга киритаётган барча муваффақиятлари биз оила аъзоларининг ҳам ютуғимиздир.
- Биз мураббийлар Мўминжон Абдуллаевнинг интилувчанлиги, қийинчиликларни енгиб ўтишга тинмай ҳаракат қилишини кўриб, унга йўл кўрсатар ва қўллаб-қувватлаб турар эдик, - дейди туман Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори Шароф Маматқулов. – Парвариш кўрган дарахтгина яхши ҳосил беради. Шогирдимизнинг ютуқлари фикримизнинг исботидир.
Маҳорати муттасил ўсиб борган юнон-рум курашчиси Мўминжон Абдуллаев 2008 йилда пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида 85 килограмм вазнда гиламга чиқиб, муваффақиятли иштирок этди, биринчи ўринни эгаллаб, илк олтин медалини қўлга киритди. 2009 йилда Филиппинда катта ёшдаги ўсмирлар ўртасида ўтказилган халқаро мусобақада ҳам ғолиблар сафидан жой олди. 2010 йилда эса катта ёшдагилар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, 2010 йилда АҚШда Колорадо штати ва Исроилда, 2012 йилда Россия Федерациясида бўлиб ўтган нуфузли халқаро мусобақаларда ҳам асосий совринларни қўлга киритиб, юксак маҳорат эгаси эканлигини амалда кўрсата олди.
2012 йилда Англия пойтахти Лондон шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи нуфузли халқаро мусобақа Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилди. Ушбу мусобақада дастлаб Иорданиялик рақибини икки раундда 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Финал баҳсларида эса иккинчи ўрин соҳиби бўлиб, Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлди.
2016 йилда Бразилия пойтахти Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтадиган навбатдаги ХХХI Олимпия ўйинларида қатнашиш ҳуқуқини берувчи лицензия учун Мўғилистон пойтахти Улан-Батор шаҳрида ўтказилган саралаш баҳсларида ҳам Мўминжон Абдуллаев ғолиблар сафидан жой олди. 130 килограммлик вазнда беллашаётган полвонлар баҳсида болгариялик рақибини 4:0 ҳисобида енгиб, жаҳон Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.
Гарчи иккита жаҳон Олимпия ўйинларида қатнашиб, шоҳсупага кўтарилмаган бўлсада, полвонимиз юксак чўққилар сари интилишдан чарчамади, кетма-кет халқаро мусобақаларда қатнашиб, бир нечта совринли ўринларни қўлга киритди. Айниқса, Индонезия пойтахти Жакартада бўлиб ўтган ХVIII Осиё ўйинларида 130 килограммгача бўлган вазнда Жанубий Кореялик Ким Мин Сокни йирик 7:0, чорак финалда Тожикистон вакили Суҳрож Азизовни, ярим финалда эса эронлик Маҳдизода Беномни енгди. Ҳал қилувчи баҳсда Қозоғистонлик полвон Нурмахон Тиналиев билан беллашиб, икки карра Осиё ўйинлари ғолиби бўлган рақибининг курагини ерга теккизди ва олтин медални қўлга киритди. Унинг бу ютуғи Ўзбекистон байроғининг юксакларга кўтарилишини таъминлади.
Осиё ўйинлари чемпионининг оила аъзоларини табриклаш учун эрта тонгдан туман раҳбарлари ва фаоллари унинг хонадонига ташриф буюришди. Туман ҳокими Баҳодир Баҳрамов чемпионнинг онаси Мақсуда Абдуллаевани самимий қутлади ва эзгу тилакларини изҳор этди. Зеро, булунғурлик полвоннинг ютуғи нафақат у туғилган замин, шунингдек бутун Ўзбекистон халқига ҳам катта фахр ва қувонч ҳадя этди.
Пўлат ЧЎМБОЕВ.