Инсон дунёга келар экан, соғлом турмуш кечиришга, ҳар дам соғлом бўлишга ҳаракат қилади. Агар инсон саломат бўлмаса, режалаштириб қўйган ишлари амалга ошиши қийин бўлади. Ҳаётда бемор бўлмаган инсоннинг ўзи кам. Аллоҳ таоло бандаларини турли ҳолатларда синайди. Баъзан дард юбориб иймонини, сабрини синовдан ўтказади. Банда шундай вазиятларда шифони фақат Аллоҳнинг ўзидан сўраши, дард бир синов ва каффорот эканини қалбан ҳис этиб, катта-кичик гуноҳлари учун астойдил тавба қилиш кераклигидан ташқари замонавий тиббиёт хизматидан ҳам тўғри фойдаланишни фикр-мулоҳаза қилиши керак.
Айни кунларда юртимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш борасида қатор хайрли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбари 29 декабръ куни парламентга йўллаган Мурожаатномасида 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилишни таклиф қилди. Бу бежиз эмас. “Албатта, йилни номлаш жуда қийин … Биз бунга жуда кўп тайёргарлик кўрдик. Ҳозирги муҳит яна бир бор маҳаллий кенгашлар, маҳаллий раҳбарлар ёшларга эътибор беришлари кераклигини кўрсатди. Иккинчидан, агар бугун биз пандемия даврида бошланган аҳоли саломатлигини яхшилаш ишларини давом эттирмасак, бу масалаларни бугун ҳал қилмасак, эртага кеч бўлади. Биз, бизнинг одамларимиз, пандемия пайтида, айниқса қишлоқларда, ушбу камчиликлардан жуда азият чекдик. Биз ваҳима қилмадик, лекин азоб чекдик “,дея таъкидлаган эди Президентимиз.
Умуман олганда, ҳар қандай жамият тараққиётида ушбу жамиятнинг асосий бўғини бўлган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол ривожланиши асосий ўрин тутади. Униб-ўсиб келаётган ёш авлод жисмонан ва маънан соғлом бўлса, ўша давлат ривожланади, равнақ топади, юксалади.
Инсон туғилишидан бошлаб, то умрининг охиригача, эрта тонгдан то уйқуга кетгунича, ҳатто уйқусида ҳам синовлар гирдобида бўлади. У гоҳида неъматлар билан, гоҳи эса дарду-машаққат, қийинчиликлар билан синалади. Шундай пайтларда ўзини йўқотиб қўймаган инсонгина ҳаёт машаққатларида тобланиб, етукликка эришади. Динимиз бундай ҳолатларда динимиз инсонга сабрли бўлишни буюради.
Энг гўзал сабр синовнинг аввалидаги сабрдир. Бу тўғрида Аллоҳ таоло мана бу оятни нозил қилган: “Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам Унинг Ўзи” (Шуаро сураси, 80-оят). Ҳақиқатда инсонга дардни ҳам, шифосини ҳам берадиган фақат Аллоҳ таолонинг ўзидир. Инсонга ақл аталмиш буюк неъмат ато этилган. Шу ақлини ишга солиб, бемор бўлганда табибга борса, шу сабаб билан Аллоҳ унга шифо бериб, соғайиб кетади. Лекин, эътиқодда “мени фалонча табиб тузатди”, дейиши дуруст эмас.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳусабр ҳақида шундай дейди: “Кимга сабр қилиш неъмати ато қилинган бўлса, у ҳеч қачон савобдан маҳрум қолмайди”. Албатта, инсон нафақат бир мусибат етганда сабрли бўлиши, балки нафс тарбиясида, неъмат етганда, ибодатларда, инсонларга эзгулик улашишда, жаҳл чиққанда ўзини жиловлай олиши учун буларнинг ҳаммасида сабр керак. Агар биз шу ҳолатни ўзимизда шакллантирсак, Аллоҳ таоло доимо биз билан бирга бўлади ва ўзининг мукофотини ато этади. Қуръони каримда: “... Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари беҳисоб берилур” (Зумар,10) деб марҳамат қилган.
Инсон саломатлиги энг улуғ неъмат эканлиги барчамизга маълум бўлган ҳолда, уни асраб-авайлаш ҳар доим ҳам муҳим масалалардан бўлиб келган. Соғлом одамга борлиқ олам ҳам чиройли кўринади. Ҳаётда мақсад -режаларини ҳам тўғри қўя билади. Инсон ҳаётда кенг бағирли бўлса, қалбини кенг қилса ҳаёт янада гўзаллашади. Зеро, дунёнинг ободлиги, юртнинг тинчлиги ҳамда халқнинг фаровонлигига эришишда сиҳат-саломатлик ва кенг бағрлилик асосий ўрин тутади.
Инсон соғлом бўлиши учун ҳар доим овқатланишнинг одоби ва тартиб қоидаларига доимий равишда амал қилиб бориши зарур. Тарбияли инсон ҳамма жойда, ҳар бир жабҳада ўзининг одоб-ахлоқи билан бошқаларга намуна бўлади. Хусусан, жамоат жойларида, тўй-маракаларда кишининг таомланиш одобига риоя қилиши, унинг нечоғлик эътиборли ва фаҳм-фаросатли эканлигини англатади. Бу борада динимизнинг кўрсатмаларини ўрганиб, уларга амал қилсак мақсадга мувофиқ бўлади. Динимизда инсоннинг фақатгина руҳий ҳолатига эмас, балки унинг жисмига, ейдиган таомига, унинг қандай йўллар билан топилаётганига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Агар биз овқатланиш тўғрисидаги кўрсатмаларга амал қилсак, луқмамизнинг ҳалол бўлишига эътиборли ва турли касалликлардан ўзимизни асраган бўламиз. Мўмин киши энг аввало, танаввул қиладиган таомини ҳалол йўллар билан топишга ҳаракат қилиши зарур. Яъни, озиқ-овқатнинг ўзи ҳалол бўлиши билан бирга, улар учун ишлаб топиладиган касби ҳам ҳалол бўлиши керак. Таъкидлаш лозимки, таомни танаввул қилишдан олдин аввало, икки қўл ювилади. Чунки, инсон қўли билан турли нарсаларни ушлаган бўлиши мумкин. Шундай ҳолларда инсоннинг қўлига турли микроблар ёпишиб, унинг натижасида турли касалликлар келиб чиқади. Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Таомнинг баракаси ундан олдин (икки қўлни) ювиш ва ундан кейин (икки қўлни) ювишдир”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривоятидан).
Шу билан биргаликда инсон соғлом бўлиши учун покизаликга алоҳида эътибор қаратиши лозим. Халқимизда яхши бир мақол бор. “Поклик соғлиқни, ақл сабрни сақлар”. Покизаликга амал қилган инсон узоқ умр кўрак экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Поклик - иймоннинг ярмидир”, деганлар. Зеро, инсоннинг танаси, қалби, хонадони покиза бўлса, шу уйда барака бўлади, ҳамма соғлом бўлади.
Демак, инсон ҳаёти давомида, ҳар қандай шароитда ҳам сабр ва қаноат билан яшаши зарур. Сабр барча фазилатларнинг асосидир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Қуръонда мўминларнинг асосий сифатларидан бири сабр эканини қайта-қайта таъкидлайди. Уламолар инсондаги фазилатларни бир бутун танага ўхшатишса, сабр эса ўша тананинг бошидир, дейдилар.
Юқоридаги маълумотларни келтиришдан мақсад шуки, биз соғлиқнинг баҳоси йўқ неъмат эканини билдик. Шундай экан, биз ҳар лаҳза Аллоҳга ҳамд айтишимиз керак. Чунки, биз гапиряпмиз, эшитяпмиз, мусаффо само остида яшаяпмиз, кўпчилик инсонларга берилмаган неъматлар бизларга берилган. Шу нарсаларни фикр-мулоҳаза қилиб ҳаёт кечирсак, ҳаётимиз бунданда чиройли ва маъноли бўлади.
Машраб ХИДИРОВ,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказининг
Диний-маърифий тадбирлар бўлими
илмий ходими.