Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасини катта қувонч билан кутиб олдик. Унда айниқса биз нуронийларга келгусида ҳам эътибор қаратилиши, истиқболда пенсия ва нафақаларни тайинлаш ва тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш лозимлиги ҳақидаги фикрлар бизни жуда қувонтирди. Шунингдек, барчамизнинг умидимиз ва суянчимиз бўлган ёшларимизга бўлган ишонч, “Ёшлар келажагимиз”, “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод маҳалла” дастурлари асосида қишлоқ жойларда, олис ҳудудларда қурилиш ва ободонлаштириш ишларини янада жадаллаштиришга катта маблағлар йўналтирилишидан ҳам беҳад миннатдор бўлдик.
Айниқса, 2019 йил - “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамлар ва оилаларнинг даромадини ошириш, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотганлар, ёлғиз кексалар, кўмакка муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш тадбирларини изчил давом эттириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш каби қатор ишлар устувор вазифа этиб белгиланганлигида ҳам халқимиз манфаатлари ифодаланган.
Биз нуронийлар ҳам ушбу Мурожаатномадан руҳланган ҳолда келгусида маҳаллаларда, ҳар бир оилалардаги ободончилик ишларида, ёшлар тарбиясида, айниқса, ҳудудларни жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлардан ҳоли ҳудудга айлантиришда, оилаларда барқарор муҳит таъминланишида ўзимизнинг катта ҳаётий тажрибаларимизга суянган ҳолда ўгитларимиз, йўл-йўриқларимиз билан ҳиссамизни қўшишга тайёрмиз.
Ҳазратқул САФАРОВ,
Одил ҲУСАНОВ,
меҳнат фахрийлари.