Яқинда биз истиқамат қилаётган Мирзабоши қишлоғи аҳолиси яна бир ҳашар уюштиришди. Қишлоқ аҳли азалдан аҳил ва иноқ яшаб, ариқлар ва йўл четларини тозалаш, йўл ва кўприклар қуриш, иқтисодий қийин аҳволга тушиб қолган оилаларга моддий кўмаклашиш ҳамда том-сувоқ ишларида ҳамжиҳатлик билан ҳашар уюштиришга одатланишган. Бундай хайрли ишларда ҳар доим Низом, Каттабек, Аслиддин, Шавкат, Шуҳрат Қаюмовлар, Қаҳҳор Алимов, Жамшид Файзуллаев, Улуғбек, Шерали, Шерзод, Абдумажид Маҳмудовлар жонбозлик кўрсатишади. Эзгу ишнинг уюшқоқлик билан ўтказилишида Ҳусан ва Оқбўта Пўлатов, Байдулла Қаюмов каби қишлоқ оқсоқоллари бош-қош бўлишиб, ўзларининг қимматли маслаҳатларини беришиб келишади..
Яқинда қишлоқда яна бир савобли иш амалга оширилди. Улар ҳашар уюштиришиб, ёқишлоқ четидаги иккита кўчага узунлиги 1,5 километр масофага чуқурлик қазиб, диаметри 50 сантиметр. бўлган резина қувур ётқизишиб, 30 та оилани тоза ичимлик суви билан таъминлашга эришдилар. Бу ишни тез ва соз қилиб битказишда Суннат Ўроловнинг ҳиссаси катта бўлди. У ўзининг хусусий “Samsung” русумли эксковатори билан 1 километр узунликдаги жойни қазиб, қувур ётқизишга тайёрлаб берди.
Кеча бизнинг қишлоқда
Ҳашар бўлди бир ажиб,
Сув келтирдик минордан
Ҳовлиларга бирлашиб.
“Бўл ҳа, бўл” деб кексалар
Иш бошида туришди.
Янги йил совғаси, деб
Барча хурсанд бўлишди.
Ҳашарнинг шарофати
Битиб қолди ишимиз,
Бемуаммо ўтади
Энди ёзу-қишимиз.
Ҳамроқул МАҲМУДОВ,
Каттақишлоқ – 1 маҳалласи.