УЙИМИЗГА СУВ КЕЛДИ
Халқимиз эртага эмас, бугун яхши яшаши керак.
Ш. Мирзиёев.
“Небўса” МФЙ ҳудудидаги Тиғириқ қишлоғи аҳолисининг ярмидан кўпроғи ичимлик сувни қўшни “Сайилтепа” маҳалласидан ташиб келиб ичишарди. Ахир 1 минг 500 метр масофадан сув ташиб келишнинг ўзи бўлмайди-да. Айниқса, қиш ойларида, қор- ёмғир ёққан кунларда минг бир азоб билан қишлоқнинг ўйдим-чуқур, лой, ботқоқ кўчаларидан сувга бориб келишнинг азобини айтмайсизми? “ Йўл азоби, гўр азоби”, деб бекорга айтилмаган.
Элим деб, юртим деб, ёниб яшаётган маҳалламиз фаолларидан Бахтиёр Отауллаев,Тиллахон Сайфиев, Маматқул Бегматов, Турғунбой Бекназаров, Ражаббой Бегматовларнинг ташаббуси билан ичимлмк суви учун кенг кўламдаги ишлар бошланиб кетди, - дейди “Небўса” МФЙ раиси Моҳира Нурматова. - Албатта, бу ишлар туманимиз ҳокими Баҳодир Баҳромовнинг амалий ёрдами ва маънавий мадади туфайли амалга оширилди. Тиғириқ қишлоғидан Ниёзмат қишлоғига бурилиш жойида туман “Сувоқава” ташкилотининг ёрдами туфайли 110 метр чуқурликда артезиан қудуғи қазилиб, ичимлик суви чиқарилди. Янги артезиан қудуғидан чиқарилган ичимлик суви 6 тармоққа бўлинди. Ичимлик суви учун жами 3000 метрча масофага пласмасса қувурлар ётқизилди. Қувур йўлларини қазиш ва кўмиш ишлари асосан қишлоқ аҳолиси ҳашар йўли билан амалга оширди. Шу билан 46 хонадонга тоза ичимлик суви кириб борди.
-Мактабдан келган ўқувчи ўғлимиз Нодиржон водопровод жўмрагидан келаётган зилол сувни кўриб, “урра, уйимизга сув келди”, - дея қийқириб юборди хурсандчилигини яшираолмай, - дейди маҳалланинг 75 ёшли фуқароси Ҳасан бобо Турдимуродов.
-Ота, - деди Нодиржон ички бир ҳаяжон билан. - Энди сув ташишдан қутулдимми?
-Ҳа болам, бизга шундай шароит яратиб берган туман ҳокимлигига, маҳалла фаолларига қишлоғимиз аҳолиси номидан чуқур миннатдорчилик билдирамиз.
Раббим ҲОТАМОВ,
“Булунғур ҳаёти”нинг мухбири.