Маълумки, жорий йилнинг 28 январь куни Президентимиз халқ таълимини ривожлантириш масалаларига бағишланган, мамлакатимиз келажаги учун юксак аҳамиятга молик йиғилиш ўтказди. Йиғилишда муҳим қарорлар қабул қилингани ва кўплаб вазифалар белгилаб берилгани бугун халқ таълим тизимининг давлат сиёсати даражасидаги асосий масалаларидан бири эканлигини ифодалади.
Қайд этиш жоизки, мактаблар инфратузилмасини яхшилаш, қурилиш ишларини олиб бориш Халқ таълими вазирлиги зиммасидан ҳокимликлар тасарруфига ўтказилгани бизга барча эътиборни таълим-тарбияга, мактабда таълим сифатини оширишга қаратиш учун яна бир имкониятлар эшигини очиб берди. Зеро, келажак авлоднинг тарбияси пойдевори айнан мактаб саналади.
Таълим сифатини юксалтиришда иккита асосий йўналиш мавжуд. Биринчи йўналиш - ўқитувчиларнинг билим савияси, касб маҳоратини ошириш. Давлатимиз Раҳбари эндиликда юқори малакали, ўз устида доимий ишлайдиган муаллимлар фаолиятини янги ёндашувлар асосида қўллаб-қувватлаш, маҳоратли педагоглар тажрибасидан самарали фойдаланиб, уларнинг ўқитиш методикасини оммалаштириш каби вазифаларни илгари сурди. Президентимиз ўқитувчи билимли бўлмаса келажак авлодга ҳеч нарса бера олмаслигини куюниб қайд этар экан, бугун айрим педагоглар сифатли дарс ўтишга эмас, кўпроқ соат олишга интилишини алоҳида қайд этиб ўтди.
Дарҳақиқат, шундай. Афсуски, бугун ўқитувчиларни болаларнинг таълим олиши эмас, кўпроқ ўз манфаати қайғуга солади, гўё. Шу сабабли, ҳар биримизга таълимга бўлган ёндашувни қайта кўриб чиқиш вазифаси топширилди. Шу билан бирга соҳадаги ислоҳотларга барча вазирлик ва идоралар бирдек масъуллиги алоҳида таъкидланди.
Эндиликда мактаб таълимини ислоҳ қилиш кенгашлари тузилиши ва уларга шахсан Президентимизнинг ўзлари раҳбарлик қилишлари соҳада кескин бурилиш кутилаётганидан дарак беради.
Давлатимиз Раҳбари топшириғига кўра, бой тажрибага эга педагоглар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилаётган Халқ таълими вазирининг махсус жамғармаси ўқитувчиларнинг иш фаолиятини янада ривожлантириш учун ўзига хос мотивация беради.
Иккинчи асосий йўналиш - бу ўқувчилар учун замонавий дарсликлар яратиш. Давлатимиз Раҳбари томонидан яна бир муҳим топшириқ бўлди-ки, унда дарсликларни янгилаш кераклиги алоҳида эътиборга олинди. Айни вақтда янги авлод дарсликларини илғор тажрибалар асосида тўлиқ янгилаш учун Англия, Франция, Германия каби давлатлардан қирққа яқин халқаро экспертлар жалб қилинган. Мазкур дарсликлар ўқувчиларнинг назарий билимларини ошириб, фикрлашга чорлайдиган методикалар сирасига киради.
Келгуси беш йилда 1,2 миллион ўқувчи ўрни яратилиши юзасидан берилган топшириқ ҳам амалга оширилиши кутилаётган туб ислоҳотлардан биридир. Нега айнан 1 миллион 200 нафар ўқувчи ўрни? Бу дегани яқин беш йилликда аҳоли сони ўсиши билан бир қаторда мактаб ўқувчиларининг сони ҳам ўсади. 2025 йилга бориб ўқувчилар сони 7 миллиондан кўпроқни ташкил этади. Табиийки, мактабларда шунча ўқувчи ўрни ҳам бўлиши керак. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда ҳурматли Президентимиз 2022 йилнинг ўзида 527 та янги ва таъмирталаб мактабларни реконструкция қилиш йўли билан керакли ўқувчи ўрни яратилишини режага киритиш бўйича топшириқ берди.
Бир сўз билан айтганда, мактаб таълимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиш учун улкан ислоҳотлар сари дадил қадам қўйилди. Галдаги марра ушбу қадамларни жадал суратларда босиб ўтиш! Зеро, Давлатимиз Раҳбарининг таъбири билан айтганда, ушбу ислоҳотлар Ватанимиз келажаги ва бу йўлда шошқалоқлик қилиш ярамайди. Шундай экан, мазкур масъулиятли йўлда барчамиз стратегик мақсадларни тўғри белгилаб олишимиз лозим.
Дилбар МАҲРАМҚУЛОВА,
42-умумтаълим мактаби директори.