Президентимизнинг Олий Маажлисга Мурожаатномаси концептуал характерга эга бўлиб, мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг барча соҳаларини қамраб олган. Ҳақиқатда аҳоли ўсиб бориши билан биргаликда унинг эҳтиёжлари ҳам ўсаяпти. Бу ўз навбатида янги иш ўринларига бўлган талабнинг ошиб боришига олиб келади. Шу сабабли Мурожаатномада Юртбошимиз иқтисодиётни тараққий эттириш, аҳолини турғун ишўринлари билан таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, аҳоли барча қатламлари ўртасида камбағалликни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган.
2020 йилда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” Давлат дастурига мувофиқ Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича барча соҳаларда ислоҳотлар қатъий давом эттирилаётганлиги таъкидланди. Мурожаатномада фан, таълим соҳаси мамлакатни ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ривожлантиришнинг асосий шарти сифатида эътироф этилган. Ёшларнинг келажагини таъминлаш ва илмга асосланган иқтисодиётни шакллантириш мақсадида ёшларга ғамхўрлик қилиш ва уларнинг таълим-тарбиясини такомиллаштириш учун таълим-фан соҳасида катта ўзгаришлар қилиш зарурлиги ифодаланган. “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда учинчи Ренесанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимитз керак”, дейилади Мурожаатномада.
Бунда аввало, таълим-тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб хизмат қилиши лозимлиги тўғрисидаги фикрлар кўтариб чиқилган. 2021 йилда “Янги Ўзбекистон” мактаб остонасидан, талим-тарбия тизимидан бошланади, - деган ғоя асосида таълим соҳасида кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланади. Ёш авлодга боғча, мактаб ва олий таълим муассасаларида сифатли таълим-тарбия беришга алоҳида эътибор қаратилади. Таълим сифатини яхшилаш аввало, устоз- ўқитувчиларнинг касбий тайёргарлигига ҳамда билими ва янги технологиялардан унумли фойдаланиш малака-кўникмаларига боғлиқ.
Ўз устида ишламайдиган, номига дарсларни ташкил қиладиган ўқитувчилар билан юқори натижаларга эришиб бўлмайди. “Ўқитувчи ўз устида ишламаса ўқитувчиликка ярамай қолади”, деган ибора бор. Юқори савияда билим бериш учун ўқитувчи тинимсиз ўз устида ишлаши лозим. Шу сабабли педагоглар малакасини ошириш ва уларнинг меҳнатини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланиб, бундан буён уларнинг “ҳаёт давомида ўқиш” тамойили асосида ўз малакасини узлуксиз ошириб борилиши эътироф этилган.
Шунингдек, ўқитувчиларнинг ўз фанини билиши, педагогик маҳорати ва психологик тайёргарлигидан келиб чиқиб, тоифа бериш мезонлари ҳам қайта кўриб чиқиш таъкидланган. Шу мақсадда жорий йилдан бошлаб педагог ходимларни аттестациядан ўтказишнинг электрон шакли жорий этилади. Аттестациядан ўтказишнинг автоматлаштирилган вариантининг жорий этилиши шаффофликни таъминлаб, соҳада адолатсизлик ва коррупциянинг олдини олади. Шунингдек, мактаб фаолиятини баҳолашнинг рейтинг тизими жорий этилади. Рейтинг кўрсаткичи паст бўлган таълим муассасалари раҳбарлари билан меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий жазо чоралари қўлланилади. Мактабларни аттестация ва акридитациядан ўтказишнинг онлайн электрон тизими жорий этилади. Соҳада ягона ”электрон тизим” жорий этилишига 250 миллиард сўм маблағ йўналтирилади. Таълим сифатини тубдан яхшилаш мақсадида ўқув дастурлари, ўқитувчи-устозлар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро мезонларга мослаштириш тадбирлари олиб борилади.
Ўқувчиларнинг таҳлилий, ностандарт ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун шакл ва мазмунига кўра янгиланган дарслик яратиш зарур. Мурожаатномада таъкидланишича, “Бу борада келгуси ўқув йилидан бошланғич синфларда давлат таълими стандартлари ўрнига илғор хорижий тажрибалар асосида болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади.
Таълим муассасаларида қобилиятли ва иқтидорли ўқувчилар билан ишлаш ўзига хос ёндашувни талаб қилади. Шунинг учун ҳам қобилиятли ўқувчилар билан ишлашнинг педагогик ва психологик жиҳатлари мавжуд. Бу ҳодиса алоҳида ёндашувни талаб қилади. Ўқувчиларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантирш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш ва иш билан таъминлашга алоҳида аҳамият берилади.
Шунингдек, умумтаълим мактабларида ҳам ҳар бир ўқувчида маълум касбга оид кўникмалар шакллантирилади. Бу эса ёшларнинг соф назарий билимлар соҳиби эмас, балки, ҳаётга мослашувига ёрдам беради. Кейинги вақтларда ҳаётимизга хусусий мактаблар кириб келмоқда. Дарҳақиқат, таълим бизнесга айлантирилгандагина рақобатбардошлик касб этади. Таълим тизимига хусусий секторларнинг кириб келишини ижобий ҳодиса сифатида баҳолаш мумкин. Бу давлат ва нодавлат таълим муассасалари ўртасидаги рақобат тизимининг ривожланишига хизмат қилади.
Мурожаатномада хусусий мактаблар фаолиятини рағбатлантириш учун бюджетдан субсудиялар ажратилиши белгилаб берилиши таълим тизимида хусусий секторнинг улуши ошишига, бу эса рақобатнинг кучайишига сабаб бўлади. Мамлакатимизда Президент мактаблари ва ихтисослаштирилган ижод мактаблари ташкил қилиниши катта мақсадларга қаратилган. Жумладан, иқтидорли ўқувчиларнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларнинг чуқур ўзлаштирилишига кенг шароитлар яратилишига қаратилган. Жумладан, 2021 йилдан ”Умид жамғармаси” орқали ёшларни чет элларда ўқитиш беш бараварга оширилади. Ёшлар ўртасида илмий-амалий фаолиятни ривожлантириш мақсадида сиртқи таълим жорий этилди.
Ёшлар ўртасида иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида олий таълимга қабул қилишнинг давлат грантлари 25 фоизга оширилди. Шунингдек, олий таълимга юқори баллар билан ўқишга кирган 200 нафар талабага давлат стипендияларининг жорий этилиши “Ёшларни қўллаб-ққувватлаш ва аҳоли саломатлигини ривожлантириш йили” давлат дастурининг ёрқин намунасидир.
Таълим ва фан соҳасига катта эътибор қаратилиши келажакка қўйилган улкан қадам бўлиб, мамлакатимиз тараққиётига улкан ҳисса бўлиб хизмат қилади. Дунё тажрибаси шуни кўрсатадики, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш учун сарфланган маблағ ўн, юз баравар кўп фойда келтиради. Мурожаатнома таълим соҳаси ходимлари олдига улкан вазифалар қўяди. Буларнинг ижроси қандай бажарилиши ўқув-тарбия тизимида фаолият олиб бораётган ходимларнинг замонавий таълимга қўйиладиган талабларга қандай жавоб беришига боғлиқ.
Нарзулла ФОЗИЛОВ,
Ўзбекистон халқ таълими аълочиси,
фахрий ўқитувчи.