МАКТАБ ВА ОТА-ОНА ҲАМКОРЛИГИ –
фарзанд камоли асоси
Фарзандларимизни мустақил ва кенг фикрлаш қобилиятига эга бўлган, маънавий бой, жисмонан бақувват, миллий истиқлол ғояларига садоқатли, бир сўз билан айтганда комил инсон қилиб тарбиялашда оиланинг ўрни беқиёс. Чунки, бола дастлаб тарбияни оиладан олади. Ота-она бола учун ибрат намунасидир. Халқимиз орасида “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган мақол бежиз ишлатилмаган.
Ота-она ва оила аъзоларининг одоб-ахлоқи, юриш-туриши ва уларнинг ўзаро муносабатлари орқали боласнинг “мен”и ривожланади.
Таълим-тарбияда яхши натижаларга эришиш учун мактаб, оила, маҳалла уйғунлигини таъминлаш зарур. Ота-оналар қўмитаси мактабда маҳалла, оила ва жамоатчиликни боғлаб туради. Шу сабабдан ота-оналарни тез-тез мактабга жалб қилиш зарур. Бунда ота-оналар учун ноанъанавий ота-оналар йиғилишлари, очиқ дарсларни ташкил этиш, психологик тренинглар ўтказиш, сўровномалар олиш ва турли тадбирлар ташкил этиш яхши самара беради.
Мактабимизда бу каби тадбирлар яхши йўлга қўйилган. Март ойининг 5-санасида мактабнинг 2-“а” синфида ота-оналар учун математика фанидан очиқ дарс ташкил қилинди. Дарсдан сўнг эса ота-оналар ноанъанавий “Ота-оналар йиғилиши” иштирокчисига айланди.
Йиғилишда ота-оналар дастлаб очиқ дарсни муҳокама қилишди. Ютуқ ва камчиликлар аниқланди. Сўнгра ота-оналар магнит доскасига илинган диктантлар орасидан ўз фарзандининг диктантини топишга ҳаракат қилишди. Фарзанди билан вазифаларни биргаликда тайёрлайдиган ота-оналар ўз боласининг ёзувини тезгина таниган бўлса, фарзанди билан шуғулланмайдиган ота-оналар боласининг диктантини тополмай уялиб қолишди.
Сўнгра ота-оналарга “Менинг оилам” мавзусида чизилган расмлар тарқатилди. Ушбу расмларга қараб ўқитувчи боланинг характери, ота-онасининг бола ҳаётидаги ўрни ва бошқа кўплаб маълумотларни айтиб ўтди.
Йиғилиш давомида “Сиз фарзандингизни биласизми?” номли сўровнома ҳам олинди. Сўровнома натижалари орқали ҳар бир ота-она ўз фарзандини қанчалик билишини тушуниб олди. Ота-оналар сўровномадан фарзанди “Нималарга қизиқади? Қайси фанлар унга ёқади? Келажакдаги орзулари қандай?” каби саволларга жавоб топишди.
Йиғилиш сўнгида 2-“а” синф ота-оналари учун синф раҳбари томонидан “Телеграм гуруҳи” ташкил қилинди.
Бу каби тадбирлар мактабларда тез-тез ташкил этилса, ота-оналар фарзандлари олдидаги масъулиятларини янада чуқурроқ ҳис қилади. Таълимда ҳам олға силжиш кузатилади.
Инобат РАҲИМОВА,
62-умумтаълим мактаби
бошланғич синф ўқитувчиси.