“Эртаклар яхшиликка етаклар” деган нақл бор халқимизда. Уларни шунчаки кўнгил очиш, эрмак учун айтмаймиз ва тингламаймиз. Эртак - ажойиб суҳбатдош ўрнини босувчи, эзгуликка ундовчи, яхшиликка етакловчи тарбия маҳсули ва қалбларга маънавий озуқа берувчи манбадир.
Болалик хотираларимни ёдга оларканман, беихтиёр эртак тинглаб уйқуга кетган кечаларни ажиб бир энтикиш билан эсга оламан. Энди ўйласам, ўша дамлар болаликнинг энг беғубор онларидан бири бўлган экан.
Баъзан ёз кечаларида сув сепилган ҳовли ўртасига жой солиб, бувимизга “эртак айтинг, эртак айтинг” деб хархаша қилардик. Бувимиз ҳам йўқ демасдан эртак айтишга тушарди.
Биз осмондаги юлдузларга тикилиб тингларканмиз, худди шу эртак оламига тушиб қолгандек ҳис қилардик ўзимизни. Айтилган эртакларни қайта-қайта эшитсак ҳам сира зерикмасдик. Мароқ билан тинглаб, баъзан эртак тугамасдан уйқуга кетардик.
Ҳа, эртаклар олами ўзга бир олам. Унда қарама-қарши зиддиятли воқеалар акс этади.
Эртакларда ижобий қаҳрамон, албатта, ёвузлик, адолатсизлик, зулм устидан ғалаба қозонади, яхшилик билан якун топади. Чунки эртак қаҳрамонлари халқ орзу-умидларини, эзгу мақсадларини намоён этади.
Эртак айтувчилар қадимда ҳам бўлишган. Уларни “эртакчи”, “маталчи” деб аташган. Эртак халқ оғзаки ижоди намунаси ҳисобланади. Бироқ, ҳозирги глобаллашув, замонавий технологиялар даврида эртакнафислик бироз сусайгандек назаримда.
Эндигина тили чиқиб, атак-чесак қилиб юрган болакайлар ҳам телефонни кўрсатиб “бер” дегандек имлаб хархаша қилишади. Бу болалар учун зарарли эканлигини билса-да, овунсин дея қўлига тутиб қўядиган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Бу ёш ота-оналар тарбиясида учрайди кўпроқ. “Ҳа, энди замонга қараб иш тутиш керак-да, ахир бу бола-ку”, дерсиз.
Тўғри, “Боланинг кўнгли подшо” дейишади. Аммо ўша подшо кўнглига йўл топишнинг бошқа йўллари ҳам бор. Масалан, эртак айтиш орқали. Фикримга қўшилмаганлар юзида кинояли табассум пайдо бўлгандир. Майли бу сизнинг хоҳишингиз. Лекин, бу танловни бир синаб кўрмайсизми? Сиздан нима кетди? Фарзандингиз учун бироз вақт ажратасиз холос. Мен ўзим ҳам фарзандларимга болалигидан эртак айтиб келганман. Ҳозир беш ёшли қизчам ухлаётганида, албатта “эртак айтинг” деб илтимос қилади. Эртак эшитиб, мароқ билан уйқуга кетади.
Баъзан бугун ишларим кўп, эртага айтаман деб, эртак айтмасам жуда хафа бўлади. Кейин ўзим афсус қиламан. Чунки, эртак эшитиб уйқуга кетганда юзида беғубор ва мусаффо бир майинликни кўриб, ўзим ҳам ором оламан. Асабларим ҳам дам олади. Негаки, охири яхшилик ва эзгулик билан тугайдиган воқеалар инсоннинг қалбини тиниқлаштиради, келажакка, ёруғликка интилиб, илм олмоққа чорлайди. Айниқса, бу бола тарбиясига масъул мунис онажонлар зиммасига тушади кўпроқ. Бу ҳам тарбиянинг энг шарафли усулидир.
Ўзбек шеъриятининг ёрқин вакили Ҳамид Олимжон ҳам онаси Комила аянинг кўп эртак ва достонларини болаликдан тинглаб улғайганлиги сабаб ўзбек адабиётида муносиб из қолдирган десак муболаға бўлмас. Чунки, Ҳамид Олимжон ўзи бу завқли дамларни бир умр ёдда сақлаб, ўзи ёзган достонлардан бири “Ойгул билан Бахтиёр”да бу сеҳрли тимсолларни шундай эслайди.
Болалик кунларимда,
Уйқусиз тунларимда,
Кўп эртак эшитгандим,
Сўйлаб берарди бувим.
Эсимда ўша дамлар,
Ўзи учар гиламлар.
Тоҳир-Зуҳра, Ёрилтош,
Ойни уялтирган қош.
Бувимнинг ҳар қиссаси,
Ҳар бир қилган ҳиссаси,
Фикримни тортар эди,
Ҳавасим ортар эди.
Ҳамид Олимжоннинг машҳур шоир бўлиб етишишида мана шу эзгу ҳавас катта рол ўйнаган бўлса ажабмас.
Эртак айтинг болангизга.
“Уч оға-ини ботирлар”-у “Алпомиш”ни тинглаб ана шундай мард ва жасур йигитлар бўлиб етишсин. Қизларимиз Ойгул ва Барчинойдек ибо-ҳаёли, шижоатли, довюрак сулувлар, Ватанимизга муносиб фарзандлар бўлиб улғайсин. Зеро, буюк бинолар мукаммаллиги ҳам унинг пойдевори мустаҳкамлигидан бошланади. Фарзандлар эса
келажагимиз пойдеворларидир.
Улмоной ҚОРАБЕКОВА,
61-умумтаълим мактабининг
она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.