“Тил билган эл билади” дейишади халқимиз. Дарҳақиқат, бизнинг мактабимизда ҳам ўқувчиларимиз орасида илмга чанқоқ, чуқур билим олишга интилувчан ёшларимиз кўпчиликни ташкил қилади. Республикамиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ҳукуматимиз раҳбарияти бошқа соҳалар қаторида таълим тизимини такомиллаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Умумтаълим мактабларида ўқувчи-ёшларнинг чуқур билим олишлари ҳамда хорижий тилларни мукаммал ўрганишлари ва ўзлаштиришлари учун барча шарт-шароитлар яратиб берилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида мактабимизда ҳам бир қанча чет тиллар бўйича тўгараклар ташкил қилинган. Жумладан, мактабимиз қошида “Xarry Englisn” тўгараги 6 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Тўгарак 2 гуруҳдан иборат бўлиб, ҳар бир гуруҳда 20 нафардан ўқувчилар қатнашиб, инглиз тилини мукаммал ўрганишга интилишмоқда. Тўгараклар дарсдан кейин хафтада икки маротаба ўтказилади. Гарчи ҳозирда мактабимиз ўқувчи-ёшлари ёзги таътилга чиқишган бўлишсада, лекин тўгаракларимиз узлуксиз фаолият юритишмоқда.
Узлуксиз таълим тизими ўқувчиларнинг хорижий тилларни мукаммал ўрганишларига ва дунёвий билимларини янада бойитишларига кенг йўл очиб бермоқда. Тўгарак раҳбарлари ўқувчиларга чуқур билим бериш баробарида машғулотларни сермазмун ўтказишга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Назокат САТТОРОВА,
62-умумий ўрта таълим мактабининг
инглиз тили фани ўқитувчиси.