Кичик Килдон маҳалласининг Ровот қишлоғида яшовчи Дилбар Ортиқова маҳалла оқсоқоллари ёрдами билан “Агробанк”нинг туман бўлимидан олинган 3,5 миллион сўм кредит ҳисобидан ўз ҳовлисида мўъжазгина иссиқхона ташкил этди. 0,5 сотихли майдондаги бу иссиқхонага Туркия давлатидан олиб келинган лимон кўчатлари экилди.
-Эккан 10 туп лимон кўчатларимиз шу йилнинг ўзида ҳосил бера бошлади, - дейди кулиб Дилбар опа. - Дастлабки ҳосилидан қўни-қўшниларга, беморларга тарқатдик. Айни пайтда ортиқча лимонларни атрофимиздаги савдо дўконларига ва “Деҳқон бозори”га чиқараяпмиз. Биз етиштираётган лимонларимиз туфайли оиламиз фаровон, дастурхонимиз тўкин-сочин. Шунингдек, иссиқхонамида турли кўкатлар, пиёз, саримсоқпиёз каби тўқсонбосди экинлар ҳам етиштирилмоқда.
-Дилбар опанинг лимонлари ва кўкатлари Ровот қишлоғи аҳолисининг дастурхони безаги бўлиб турибди, - дейди Кичик Килдон МФЙ раисининг ўринбосари Нурхон Сатторова. - Ғайратли Дилбар опамиз келгусида лимончилик даромади ҳисобидан иссиқхонани кенгайириш ниятида лимонларни меҳр билан парваришламоқда.
Раббим ҲОТАМОВ.