Аҳолининг кундалик турмушида, ички бозорни сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш ҳамда истеъмолдан ортиқча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг хорижга экспорт қилинишида деҳқонларимизнинг ҳам алоҳида ҳиссалари бор албатта. Дала меҳнаткашлари ёз бўйи етиштирган маҳсулотларини ўз вақтида йиғиштириб олиб, айни вақтда экинлардан бўшаган майдонларнинг бир қисмига саримсоқпиёз, карам, пиёз ва кўкатлар экиш ишларини аллақачон бошлаб юборишган. Айниқса, кўпчилик томорқа ер эгалари ўз ерларида қишлоқ хўжалиги экинларини етиштиришда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 7 июндаги “Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Қарори асосида 7 % фоизли имтиёзли кредитлардан фойдаланиб асалари, курка, парранда, қуёнчилик билан шуғулланиш ҳамда томорқаларида иссиқхона қуриш, кичик ҳажмдаги артезиан қудуқлари қазиб томорқа экинларини суғоришда фойдаланишмоқда.
Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман Кенгаши томонидан аҳоли томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, оилавий шароитини яхшилаш ҳамда иш ўрни яратиш мақсадида туманда фаолият юритаётган “Томорқа хизмати” МЧЖлар билан шартнома тузган 125 та фуқароларга иссиқхона, парранда, артезиан қудуқлари учун тавсияномалар беришга эришилди. Шундан 34 нафар фуқарога 302 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилди. Ажратилган кредитларнинг мақсадли ишлатилишини мониторинг қилиш жараёнида “Элобод” МФЙда яшовчи фуқаро Муроджон Тўйчиевнинг иссиқхонаси “Фозил Мингчинор томорқа хизмати” МЧЖ томонидан тўлиқ қурилганлиги ҳамда ҳозирда иссиқхонада лимон кўчати, помидор ва кўкатлар экилганлиги, “Истиқлол” МФЙда яшовчи Насим Рўзиқуловнинг хонадонига “Агро фаровон томорқа хизмати” МЧЖ томонидан қурилган иссиқхонага кўкат ҳамда бодринг экинлари экилганлиги аниқланди.
Ҳозирда туманда жами 4629 гектар аҳоли томорқалари мавжуд бўлиб, 2019 йил ҳосили учун 929 гектарига тўқсонбосди экинлари экиш режалаштирилган. Шундан 536 гектарига саримсоқпиёз, 254 гектарига пиёз, 134 гектарига кўкатлар экиш мўлжалланган бўлиб, ҳозиргача 42 гектарига тўқсонбосди усулида саримсоқпиёз экинлари экилган.
Тўқсонбисди экинларини экишдан мақсад аҳоли дастурхонини йил бўйи сархил маҳсулотлар билан таъминлашдан иборат.
Акром ҲАМРОЕВ,
фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа
ер эгалари туман Кенгаши раиси.