Соҳибкор МФЙ фуқароси Акбар Ҳазратқулов оиласини қўни-қўшнилар шахматчилар оиласи, дейишади. Сабаби, карантин кунларида Акбар ака турмуш ўртоғи Фароғат опа ва фарзандлари – ўғли Суҳробжон, қизи Одинаойлар билан ўзаро оилавий шахмат биринчилигини ўтказишди. Ўйинларни диққат билан кузатиб бораётган беш яшар ўғиллари Сарваржон акасининг хатосини тўғирлади.
Ака, - деди беш ёшли жажжи Сарваржон. - Отни нотўғри юрдингиз. От “Г” ҳарфи шаклида юради.
Бундан норози бўлган акаси акаси Суҳробжон:
-Сен қаердан биласан? Билсанг ўзинг ўйна-чи...- деди.
Бу ўйинни мириқиб давом эттирган Сарваржон опаси Одинаойни уч юришда мот қилди. Кўзларига ишонқирамай, оила аъзоларининг ҳаммаси донг қотиб қолишди.
- Бўлиши мумин эмас, - деди Сарваржоннинг отаси Акбар ака билан онаси Фароғат опалар ўйинни синчиклаб кузатишар экан. Лекин ҳақиқат, бу ўйинда жажжи Сарваржоннинг қўли баланд келган эди.
- Қани, шахмат доналарни тер-чи. Сен билан ўзим бир ўйнаб кўрай, - деди отаси Акбар ака кулиб. Ёш Сарваржон жони-дили билан доналарни адашмай, худди рисоладагидай терди. Ўйинни оқ доналар билан Акбар ака бошлади. Қарама-қарши юришлардан бирида Акбар ака саросимага тушиб қолди. Қарасаки, иш мотга яқинлашаяпти. Шунда оиладаги ҳамма билағон шахматчилар Акбар акага ёрдамга келишди.
-Отаси, “шоҳ”ни олиб қочинг, - деди онаси.
-Пиёдани битта олдинга суринг, - деди ўғли Суҳробжон.
-Ие, масала ҳал бўлибди-ку, - деди қизи Одинаой. - Фойдаси йўқ, ота сиз ютқаздингиз...
Шундан сўнг оила аъзолари бирин-кетин жажжи шахматчи Сарваржонга ҳужум қилишди. Оила аъзоларининг ҳаммасини доғда қолдирган беш яшар Сарваржон “оила чемпиони” деган шарафли ном эгасига айланди. Оиланинг мутлоқ чемпиони Сарваржонни оилавий ғалабалари билан қутлаб, келгусида жаҳон чемпиони бўлишига омадлар тилаб қоламиз.
Раббим ҲОТАМОВ.