Кўплар қаторибизлар ҳамяхшигина яшаб юрган эдик. Бироқ, турмуш ўртоғимнинг буйраклари тўсатдан ишламай қолди. Турли жойлардаги шифохоналарда даволатдик. Натижа кўнгилдагидек бўлмагач, жарроҳлик йўли билан даволанган бўлсада, оғир ишларга ярамай, ногирон бўлиб қолди. Шундан сўнг оиламиз бироз қийин аҳволда қолди...
Ҳукуматимиз томонидан биз каби ишсизлик сабаб иқтисодий жиҳатдан қийин аҳволга тушиб қолган фуқароларга бандликни таъминлаш ҳамда меҳнати орқали даромадга эга бўлишлари учун экин майдонларидан ер ажратиб берилиши айни муддао бўлди.
Бизга ёрдам тариқасида маҳалламиз оқсоқоллари, фаоллари, туман ҳокимининг маҳалладаги ёрдамчисининг ташаббуси билан кам таъминланган оила сифатида 30 сотих очиқ ер майдони берилди. “Бот-бот” канали яқинидаги суғориладиган очиқ ер майдонини техника ёрдамида экин экишга тайёрлаб қўйдик. Мутахассислар маслаҳати билан ушбу очиқ ерга ловия, мош ва турли хил сабзавот кўчатларини экадиган бўлдик. Ҳисобчиларнинг ҳисоб-китобига қарайдиган бўлсак, ловия ва мошнинг ҳар бир килоси ўртача 12 минг сўмдан тушар экан. Агар биз шу майдондан камида 1 тонна ловия ёки мош олсак, 12 миллион сўм даромад қилар эканмиз. Шундан 4 миллионини харажатларга чиқарсак, оиламизга нақд 9 миллион сўм даромад келар экан. Бундан хурсанд бўлиб, оила аъзоларимиз билан биргаликда ишга қизғин киришиб кетдик.
Фурсатдан фойдаланиб, биз ва бизга ўхшаганларга мана шундай ажойиб ёрдам қўлини чўзаётган маҳалламиз фаолларига, туманимиз ҳокимлигига, Президентимизга чуқур минатдорчилик билдирамиз.
Мунира ХУДОЙҚУЛОВА,
“Янгиобод” МФЙ фуқароси.