“Пайшанба – профилактика куни” муносабати билан 2-умумий ўрта таълим мактабида “1 декабрь – Халқаро ОИТСга қарши кураш куни” олдидан “Ёшлар ўртасида гиёҳвандликнинг олдини олиш” ҳамда ноябрь-декабрь ойларини “Ёшлар орасида наркотик моддалар тарқатилишига қарши кураш ойлиги“, деб эълон қилиш юзасидан тадбир ўтказилди. Унда ўқитувчилар томонидан юқори синф ўқувчиларига гиёҳвандликнинг салбий оқибатлари хусусида тушунчалар берилди.
Тадбирда мактаб директори Ғ.Раҳматиллаев кун тартибидаги масалалар юзасидан маълумотлар келтирди. Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Қ.Муратов ҳам сўзга чиқиб, гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш долзарб масалалардан экани, бу каби йиғилишлар, маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари ўтказиб, фаол қатнашган ўқувчиларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этиши борасида фикрларини билдирди.
Шунингдек, сўзга чиққанлар томонидан гиёҳвандлик ҳозирги кунда ёшлар ҳаётига ҳавф солаётган жиддий ва глобал муаммога айлангани, унинг орқасидан кўплаб салбий оқибатлари келиб чиқиши мумкинлиги хусусида мулоҳаза юритилди. Бу оғуга эҳтиёжманд бўлиб, унинг домига тушиб қолган инсон ортга чекиниши қийин кечиши, оғир руҳий ва ижтимоий тушкунликка сабаб бўлиши, ОИТСга чалиниб, ўзининг, турмуш ўртоғи ва фарзанди саломатлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги айтиб ўтилди. “Биз соғлом турмуш тарзи тарафадоримиз” шиори остида ёшлар ҳаётига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, унга амал қилиш келажак мустаҳкамлигини таъминлашдан иборат эканлиги тушунтирилди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.