1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Фозил Йўлдош хиёбонида “Ўқитувчилар сайли” байрам тадбири ўтказилди. Унда туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, умумтаълим мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда туманимиз аҳолиси иштирок этди.
Дастлаб, туман ҳокими ўринбосари Бегзод Ильчиев сўзга чиқиб, устоз ва мураббийларни байрам ва ушбу тадбир муносабати билан табриклади. Бугунги кунда уларга яратиб берилаётган имкониятлар, шарт-шароитлар хусусида айтиб ўтди. Шундан сўнг, тадбирни очиқ, деб эълон қилди.
Туман Маданият ва аҳоли дам олиш маркази, “Соҳибкор” Маданият ва аҳоли дам олиш маркази ходимлари ҳамда “Чавқи” фольклор-этнографик халқ ансамбли томонидан устоз ва мураббийларга бағишланган куй ва қўшиқлар, саҳна кўринишлари, рақс ижро этилди, шунингдек туманимизнинг ижодкор-шоири Рустам Бердалиев шеърлар ўқиди. Туманимизнинг ёш, умидли спортчилари ҳамда МТМлар тарбияланувчиларининг чиқишлари ҳам тадбирга илиқ кайфият улашди.
* * *
Туман ҳокимлиги ташаббуси билан “Истиқлол” базмгоҳида ҳам тадбир уюштирилиб, байрам дастурхони ёзилди. Унга узоқ йиллар таълим соҳасида самарали меҳнат қилган фахрий ўқитувчилар, барча умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежларида меҳнат қилиб келаётган устоз ва мураббийлар таклиф этилди.
Тадбирда сўзга чиққан туман Халқ таълими бўлими мудири Абдуалим Умирзоқов, бу йилги 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар ўзгача кечаётгани ҳақида фахр билан гапирди. Шунингдек, давлатимиз томонидан соҳа вакилларига кўплаб имкониятлар, қулайликлар яратиб берилаётгани борасида илиқ фикрлар билдирди.
Туман ҳокимлиги, ХТБ, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман Кенгаши, ЎзХДП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси туман Кенгаши томонидан 66 та умумтаълим мактаби директорлари, 32 нафар фахрий ўқитувчилар ҳамда касб-ҳунар коллежлари директорларига совға-саломлар улашилди.
- Ўн йилдан буён таълим соҳасида меҳнат қиламан, - дейди 18-умумтаълим мактаби ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари Венера Мўминова. – Жорий йил давлатимиз томонидан қилган меҳнатларим эътиборга олиниб, “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони берилди. Шунда ҳеч бир меҳнат ва хайрли иш жавобсиз қолмаслигига ишонч ҳосил қилдим. Бугунги кунда ёшларга таълим-тарбия бериш, ўз устимизда ишлаш учун катта имконият бериляпти. Зеро, меҳнат ва ўқув самарадорлигини ошириш – келажакка муҳим ва мустаҳкам пойдевор бўлади.
“Истиқлол” базмгоҳида 500 нафарга яқин иштирокчилар ва ташкилотчилар қатнашган тадбир дилтортар куй-қўшиқларга улашиб кетди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.