1 декабрь – ОИТСга қарши кураш куни, 3 декабрь – Халқаро ногиронларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб ҳамда “Биз гиёҳвандликка қаршимиз” мавзуида Миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида тадбир ўтказилди. Тадбир давомида ОИТС, ўз домига тортувчи иллатлардан бири гиёҳвандлик ва наркотик моддаларнинг салбий оқибатлари, ногиронликнинг келиб чиқиш сабаблари акс эттирилган суратлар намойиши ҳам бўлди.
Республика маънавият маркази туман бўлими раҳбари А.Шокиров сўзга чиқиб, тадбирнинг мазмун-моҳияти, уни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларни ОИТСга чалинишдан сақлаш ҳамда гиёҳванд моддалар истеъмол қилишнинг салбий кўринишлари хусусида тушунча ҳосил қилишга қаратилгани ҳақида қисқача тўхталиб ўтди.
- ОИТСга чалинган инсон ва унинг яқинлари бир умр азият чекади, - дейди Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи туман кенгаши раиси О.Сатторов. - Унга қарши ва гиёҳвандлик билан боғлиқ салбий ҳолатларни бартараф этиш, олдини олиш борасида бутун дунё курашмоқда. Шунга қарамай, унинг илдизини бутунлай йўқотиб бўлмаяпти. Биз учун курашиш йўлларидан бири бу - ёшлар ўртасида спорт ўйинлари, мусобақалар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиб, салбий иллат ҳақида кенгроқ тушунча ҳосил қилишдан иборатдир.
Тадбир давомида коллеж ўқувчилари томонидан ОИТС ҳамда гиёҳвандликнинг салбий оқибатларини акс эттирувчи ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишга ундовчи суратлар намойиш қилинди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.