“Янгиариқ” маҳалласининг Катта ўзбек тракти ён қисмида жойлашган “RAYXONA” базмгоҳи номи эътиборимизни тортди. Унда юмшоқ “Ҳ” ўрнида қаттиқ “Х” ёзилган эди...
Шундан сўнг, жой номларини йўл-йўлакай кузатиб бордик. “Мингчинор” маҳалласида жойлашган қатор дўконлар ҳамда “Гулзор” маҳалласидаги хўжалик моллари дўкони номи ёзилишида ҳам худди шундай хатоликка йўл қўйилган экан. Уч-тўртта дўконда “HO’JALIK MOLLARI” деб "хўжалик" эмас, "ҳўжалик" ёзилган.
Галдагиси ундан ҳам ошиб тушди. “Деҳқонобод” МФЙ ҳудудига кираверишда йўл четига ўрнатилган “XUSH KELIBSIZ! HAMID OLIMJON BULUИG’UR AGROFIRMASIGA”деган лавҳадаги ёзувини синчиклаб ўқисангиз Булунғур сўзида жиддий хато борлигини кўрасиз. Ҳар куни айтиладиган ва эшитиладиган туманимиз номи лотин алифбосида ва босма ҳарфларда ёзилган бўлиб, “BULUNG’UR” сўзида “N” ҳарфи ёзилиш жиҳатидан ўхшаш кирил алифбосидаги “И” ҳарфи билан адаштирилган. Шунингдек, бу ўринда “Ҳамид Олимжон агрофирмаси” деб кўрсатилиши керак бўлган жой номига “Булунғур” номининг киритилиши ҳам нотўғри. Маҳалла марказидаги “Агрокимё хизмат-шер” 3-сон дўкони ёзувларига разм солсангиз “қ, ҳ, ғ, ў” ҳарфлари ўрнига “к, х, г, у” ҳарфлари ишлатилган. “Ўзбекистон Республикаси Самарқанд вилоят “Қишлок хўжаликимё” худудий очик акциядорлик жамиятининг Булунгур тумани Чангал қишлогида жойлашган “Агрокимё хизмат-шер” 3-сон савдо дукони”. Бунда хўжалик кимё сўзларида иккита “к” ёзилмай тушириб қолдирилган ва битта “к” билан “хўжаликимё” деб ёзиляпти. Дўконга қарашли омборхона ёзуви ва унга тегишли “Mineral o’g’it mo’l hosil garovidir” шиори осилган ва йиртилиб кетган.
Жой номларининг бундай нуқсон билан ёзилишига ким сабабчи? Буюртмачининг ўзими, ёки хизмат кўрсатувчими?
Шу ўринда бир фикрни келтириб ўтишни жоиз деб билдик. Жой номлари номи (у хоҳ корхона-ташкилот, хоҳ савдо дўкони ёки фирма номи бўлсин) баннер-лавҳага ёзилишидан олдин туман Топонимик комиссияси кўригидан ўтиб, агар хатолари бўлса тузатилиб, сўнг “Тасвирий ойна” томонидан тайёрлаб берилса. Бу жой номлари ёзилишида хатога йўл қўймасликка имкон бўлур эди.
Воҳид ЎРОЗАЛИЕВ.